5G тармоғига назар: имкониятлар, муаммолар ва смартфонлар...

  •   DiMaX
  •  1372
  •  12.12.2018 13:34

5G тармоғига назар: имкониятлар, муаммолар ва смартфонлар...

2019 йили смартфонсозлар, уяли алоқа операторлари ва умуман йирик технологик компаниялар бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини жорий этиш устида ишлашади. Бу – алоқанинг янгича стандарти, рақамли дунёнинг янги сифати, интернетнинг ақл бовар қилмас тезлиги деганидир.

 ЎҚИНГ: UZMOBILE аллақачон 5G технологиясини синовдан ўтказди

Аллақачон бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўлловчи модем ва процессорлар яратилган, улар базасидаги смартфонлар тақдим этила бошлади. Аммо ушбу стандарт ҳақидаги маълумотлар тарқоқ эканлигини ҳисобга олиб, биз умуман 5G тармоғи ҳақидаги маълумотларни сизга етказишга қарор қилдик.

5G тармоғи қанақа бўлади ўзи?

5G – симсиз алоқа тармоғининг бешинчи авлод стандарти бўлиб, унда маълумот узатиш тезлиги ўта юқори. Масалан, юқори сифатли ва катта ҳажмли битта фильмни унда бир сониядан (1 секунддан!) ҳам камроқ вақтда кўчириб олиш мумкин! Ҳозирда амалда бўлган 4G тармоғида эса бунга тахминан 10 дақиқа вақт керак бўлади.

Бешинчи авлод уяли алоқа тармоқларида ушланиб қолиш муддати ҳам бир миллисекунддан ошмайди (4G тармоғида бу кўрсаткич 70 мс.га тенг). Тўртинчи авлод алоқа стандартида ўтказувчанлик қобилияти бир гигабитга тенг бўлса, 5G’да бу 20 карра тезкорроқ бўлади.

5G стандартидаги тижорий тармоқлар келгуси ўн йилликнинг бошига борибгина кенг оммалашади. 2019 йили Шимолий Америкада уяли алоқа уланишларининг атиги бир фоизи 5G тармоқлари орқали ўтади, бу кўрсаткичнинг 49 фоизга етиши эса 2025 йилдагина юз беради. Россиянинг «Рақамли иқтисодиёт» («Цифровая экономика») дастурига кўра, мамлакатдаги аҳолиси миллион нафардан ошувчи шаҳарларда 5G тармоғи 2022 йилда кенг ёйилади. Айни дамда эса фақатгина Жанубий Корея – 2018 йилнинг 1 декабрида бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини тақдим этди. Ҳозирча бу тармоқдан фақат корпоратив мижозларгина фойдалана оладилар, оддий аҳоли учун эса бешинчи авлод уяли алоқа тармоғи келаси йил мартдан ишга тушади.

ЎҚИНГ: ҲАФТА ЯКУНЛАРИ: Galaxy S10’ни 5G’да ишлатиб кўрсатишди; Sony’нинг шаффоф телефони, Google мессенжерларини ёпяпти, энг зўр ўнта Android-смартфон...

Ўйлаганимиздан кўра кенгроқ қамровли

Шуниси ҳам борки, 5G биттагина технология эмас, балки бутун бошли мажмуадир. Ўта юқори тезликни таъминлаш учун у бир миллиметрлик диапазонга «кириб боради». Бир миллиметрлик тўлқинлар эса девор, ўсимликлар ва ёмғир орқали ҳам қийин ўтади, ҳатто яхши об-ҳаво шароитларида ҳам бир километр масофада узилишлар бўлиши мумкин.

Барчаси тўғри ишлаши учун:

  • шаҳарларда эски база станцияларини янгиларига алмаштиришади ва яна минглаб бошқаларини ўрнатишади; улар ихчам ва «ақлли» станциялар бўлади;
  • бир вақтнинг ўзида кўп каналли узатишни (massive MIMO технологияси) қўллашади; ҳозирги тармоқларда бундай узатиш портлари саккизтадан ошмайди, 5G’да эса бир неча ўнлаб портлар бўлади;
  • фазали антенна панжараларида сигнални қайта ишлаш ёрдамида интерференцияни кичрайтиришади (beamforming технологияси).

Буларнинг барчаси анчагина қимматга тушади; аммо Лондонда бешинчи авлод тармоғини ишга тушириш учун аллақачон 6 миллиард фунт стерлинг ажратишган ва яқин орада илк 300 та база станциясини ўрнатишмоқчи.

Кичкина база станциялари ҳар бир уйга, симёғочларга, передатчик учун қулай жойларга ўрнатилади. Аммо кичик 5G тармоқлари биринчи бўлиб ишлаб чиқаришда, касалхоналар, ўқув юртлари, транспорт узеллари ва шаҳарни мониторинг қилиш тизимларида пайдо бўлади.

5G стандарти меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш тизимлари ва кўнгил очиш соҳасини жиддий ўзгартириб юборади:

  • виртуал муҳитлар 5G орқали анча тезкорликда юкланади;
  • «ақлли уй» тизимининг ҳар қандай қурилмалари, овозли ёрдамчилар «булутли» сервислар билан янада тезкорроқ ва зездирмай боғлана олади;
  • маълумотларни сақлаш ва синхронизация қилишда муаммо бўлмайди;
  • 5G тармоғи ҳатто 8K сифатидаги видеоларни ҳам стриминг қилишга имкон беради;
  • онлайн ўйинлар мисли кўрилмаган даражада оммалашади;
  • бир неча йилгача битта нуқтага уланувчи истеъмолчилар сони муҳим бўлмайди.

Qualcomm компанияси томонидан ўтказилган 5G Economy номли тадқиқот натижаларига кўра, 5G’ни татбиқ этишнинг иқтисодий самарадорлиги 2035 йилга бориб 12 триллион АҚШ долларини ташкил этади.

Кимлар таклиф этяпти ўзи?

Юқорида таъкидланган афзалликлар ҳаётимизга кириб келишининг ҳам ўзи бўлмайди. Бу борада аввало технологияни татбиқ этишнинг қимматлиги тўсиқ бўлса, ўйлантириб қўядиган иккинчи масала – таклифларнинг кўп эмаслиги.

Бешинчи авлод уяли алоқа тармоғида ишончли ишлай олувчи модемларни ишлаб чиқаришга қодир компаниялар саноқлигина. Булар – Samsung, Qualcomm, MediaTek, Huawei ҳамда Intel.

Samsung ўзининг Galaxy S10 смартфонини 5G-версияда ҳам чиқаряпти, уни 2019 йилнинг бошидаёқ – CES анжуманида тақдим этмоқчи. Корпорация бу флагманининг барча моделларини 5G-модем билан таъминламаслиги табиий – ҳозирча бу тармоқнинг ўзи амалга киритилмагани учун бундан фойда йўқ.

Компания 2018 йилнинг августида ўзининг илк 5G-модеми – Exynos 5100’ни, кейинроқ эса – якка кристалли Exynos 9820 флагман процессорини тақдим этган. Ҳозирда Samsung бешинчи авлод тармоғида ишловчи смартфонларида ўз модемини қўллайдими ёки йўқми, деган савол ҳам очиқ турибди.

 Бешинчи авлод уяли алоқа модемини таклиф этувчи иккинчи ишлаб чиқарувчи эса Qualcomm компаниясидир. Унинг яқиндагина тақдим этилган Snapdragon 855 процессори жамланмасида 5G тармоғини қўллаб-қувватловчи Snapdragon X50 модеми мавжуд. Янги процессор бу чипсознинг Snapdragon 845 чипсетидан уч карра тезкор ишлайди.

Qualcomm’нинг бу борадаги стратегик ҳамкорлари – Samsung, Verizon ҳамда AT&T компанияларидир. Эҳтимол, Galaxy S10’нинг АҚШ бозорига чиқариладиган 5G-версиясида Qualcomm процессори қўлланар.

Дарвоқе, 5G’ни келаси йилиёқ кенг татбиқ этишга қурилмаларнинг қимматлиги ҳам сабабчи бўлади. OnePlus вакилларининг сўзларига кўра, компаниянинг Snapdragon 855 процессорли смартфони 200–300 долларга қиммат бўлади.

Технологиялар оламининг етакчиларидан бўлган Apple эса бу борада анча кечикяпти – унинг 5G тармоғида ишловчи iPhone’лари ҳали 2020 йилдагина тақдим этилади. Fast Company ёзишича, бу кечикиш Intel билан боғлиқ – айфонлар учун 5G-модемларни айни шу чипсоз етказиб бериши лозим.

Intel 8161 модеми 10 нанометрлик технологик жараёнга асосланади. Ундаги элементлар жуда зич жойлашган ва, афтидан, корпорация ундан иссиқликнинг чиқиб кетиши муаммосини ҳал эта олмаяпти. Ишлаш давомида процессорнинг иссиқлик чиқариши – аккумулятор қувватининг чип томонидан самарасиз сарфланаётгани далилидир. Бошқача қилиб айтганда, ҳозирча Intel процессорлари батареянинг қувватини тез харжлаб қўяди.

Apple учун муаммоли ҳолатлардан яна бири шуки, у шунчаки Intel’ни ташлаб, Qualcomm билан ҳамкорлик қилиб кета олмайди. Айни дамда купертинолик гигантнинг Qualcomm билан патент борасидаги судлашувлари ҳам масалани чигаллаштиради. Чипсознинг таъкидлашича, iPhone ишлаб чиқарувчиси унинг дастурий таъминоти ва жиҳозларини ўғирлаб, Intel’га берган ва шу билан 5G-модем ишлаб чиқишда унга кўмаклашган.

ЎҚИНГ: Хитойда iPhone сотилмайдиган бўлди – Qualcomm бунга эришди!

Ҳозирда тарқалган миш-мишларга қараганда, Apple корпорацияси 2020 йилдан бошлаб Mac компьютерларида Intel процессорларини эмас, балки ўз чипларини қўллайди.

Шунингдек, яна бир чипсоз – MediaTek корпорацияси ҳам 2019 йилнинг иккинчи ярмига бориб ўзининг 5G тармоғида ишловчи микросхемалар тўпламини тақдим этмоқчи.

Булардан ташқари, 5G-пойгага хитойлик техногигант ҳам қўшилган. Huawei тайёрлаётган Kirin 990 процессори таркибига янги авлод – Balong 5G01 русумли 5G-модем ҳам киритилади. Янги чип яқинда чиққан «аждод»ига нисбатан 10 фоизга самарадорроқ ва тежамкорроқ бўлади.

Юқорида санаб ўтилганлар – бешинчи авлод уяли тармоғини қўллаб-қувватловчи процессор ва модемларни тақдим этувчилардир. Шу чипларни ўз ичига олган илк 5G-смартфонларни тайёрлаётганлар қаторида эса Samsung, FlexPai, Xiaomi, Huawei, OnePlus, Lenovo ва Vivo кабилар бор.

Умуман олганда, бешинчи авлод уяли алоқа тармоғининг ҳам, бу стандартда ишловчи смартфонларнинг ҳам кенг оммалашувига ҳали эрта. Хусусан, Ўзбекистон шароитида – ҳали 4G ҳам бир меъёрда ишламайдиган ҳудудларда ундан-да юқори технологиянинг жорий этилишини яқин орада кутмасак ҳам бўлади.

ЎҚИНГ: Нидерландияда юздан ортиқ қушнинг ўлимига сабаб бўлган 5G синовини UzMobile Ўзбекистонда ҳам ўтказди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.