64 МПлик квадрокамера ва 48 МПлик қўшалоқ олд камерали энг арзон селфифон чиқди

  •   DiMaX
  •  2015
  •  28.08.2020 17:37

64 МПлик квадрокамера ва 48 МПлик қўшалоқ олд камерали энг арзон селфифон чиқди

Аввалроқ бор-йўғи 107 долларга улкан экранли ва нақ 6000 мА/соатлик аккумуляторли Smart 4 Plus смартфони тақдим этилган эди. Уни чиқарган Infinix компанияси яна битта қизиқарли моделини намойиш қилди.

ЎҚИНГ: Атиги 100 долларлик шу янги смартфоннинг дактилоскопи қаерида, деб ўйлайсиз?

Ўрта нарх тоифасига мансуб янги смартфон Infinix Zero 8 деб номланган бўлиб, ўйинбоп Helio G90T процессори базасида тайёрланган. Компания уни диагоналига 6,85 дюймлик IPS-экран билан жиҳозлаган. Унда дисплейнинг ва сенсор қатламининг янгиланиш частоталари тегишлича 90 ва 180 герцга тенг.

Zero 8 экранининг юқори чап бурчагида овал тирқиш мавжуд бўлиб, унга қўшалоқ олд камера датчиклари ўрнатилган. Бу модел ёшларга жуда маъқул келади – селфи учун унда нақ 48 мегапикселлик асосий ва яна 8 мегапикселлик қўшимча сенсорлар қўлланган.

Infinix янги смартфонининг бош камераси борасида ҳам зиқналик қилмаган: ромб шаклидаги блокда нақ тўртта модул ва фоточақноқ чиройли тарзда жойланган. Унда асосий датчик 64 мегапикселлик Sony IMX686 модули 4K-видео ёзиб олиш хусусиятига ва тасвирни оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Квадрокамера таркибига яна 8 мегапикселлик кенг бурчакли сенсор ҳамда ҳар бири 2 мегапикселлик яна иккита датчик ўрнатилган.

Infinix Zero 8 тезкор хотираси 8, доимийси эса 128 гигабайтлик ҳажмга эга; яна microSD-карта слоти ҳам мавжуд. Мазкур смартфон Android 10 базасида тайёрланган Infinix X OS 7 прошивкасига эга. Қурилманинг аккумулятори 4500 мА/соатлик бўлиб, 33 ваттлик тезкор қувватлана олади. Аппаратнинг ён қиррасига бармоқ изи сканери ҳам ўрнатилган.

Ушбу смартфон Хитойда 31 августдан, 250 АҚШ долларига тенг нархда сотила бошлайди.

ЎҚИНГ: 200 долларлик Gionee M30 чиқди: аккумулятори нақ 10 000 мА/соатлик смартфон-повербанк!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!