6.5" экран, 5,000 мАс аккумуляторга эга Samsung Galaxy A12 ва A02s'лар тақдим қилинди

6.5

Бир қанча вақтдан буён Galaxy A12 ва Galaxy A02s смартфонлари ҳақида маълумотга эга бўлиб келаётган эдик. Энди эса, Samsung бугуннинг ўзидаёқ Galaxy A (2021) линейкасининг илк вакили сифатида ҳар икки смартфонни тақдим қилди.

Galaxy A12 бу йил март ойида тақдим қилинган Galaxy A11'нинг давомчиси бўлиб, камера ва аккумулятор борасида бир қатор янгиланишларни ўзида жамлаган.

Galaxy A11 4,000 мАс аккумулятор билан жиҳозланган бўлса, Galaxy A12'га 5,000 мАс аккумулятор ўрнатилган; ҳар икки модель 15 Вт да қувват олади.

A11'нинг орқа панелида жами учта: 13МП асосий, 5МП ультракенг ва 2МП сатҳ камералари бор эди. A12'да эса ультракенг ва сатҳ камералари ўзгармай, 13МП асосий камера ўрнига 48МП камера ҳамда, буларга қўшимча, 2МП макро камера қўйилган. Камералар тўртбурчак модул ичига жойланган.

Galaxy A12'нинг экрани А11'никидан бироз катта — 6.5 дюйм. HD+ Infinity-V дисплейида 8МП олд камера учун тирқиш очилган. Селфи камера A11'даги билан айни бир хил. Корпус остида эса саккиз ядроли процессор жойлашган бўлиб, CPU ядролари 2.3GHz ва 1.8GHz частоталарга эга. Samsung бу смартфонга қайси чипсетни ўрнатганини айтмаган, бироқ конфигурацияга қараб тахмин қилиш мумкинки, Galaxy A12 Helio P35 чипида ишлайди.

Samsung, шунингдек, Galaxy A12 қадоқдан қайси операцион тизимида ишлаши ҳақида ҳам маълумот бермаган. Смартфон 3ГБ/4ГБ/6ГБ тезкор, 32ГБ/64ГБ/128ГБ доимий хотирага эга бўлади.

Бундан ташқари, 1 терабайтгача сиғимли ташқи хотира картаси учун microSD слоти ҳам бор.

Galaxy A12'га ён томонга ўрнатилган бармоқ изи сканери қўйилган. Samsung Knox хавфсизлик платформасига эга смартфонни қора, кўк, оқ ёки қизил ранглардан бирида сотиб олиш мумкин.

Samsung Galaxy A12 2021 йил январь ойидан бошлаб сотувга чиқади. Смартфоннинг 64ГБлик версияси нархи 179 евродан бошланади, яна 20 евро қўшсангиз эса, 128ГБлик версия сизники бўлади.

Samsung Galaxy A02s
Samsung Galaxy A02s смартфони ўтган йили декабрда тақдим қилинган Galaxy A01'нинг давомчиси ҳисобланади. Смартфон 6.5" HD+ Infinity-V дисплейга эга бўлиб, 1.8GHz'да ишловчи саккиз ядроли процессор билан жиҳозланган. Бу Snapdragon 450 чипи бўлиши мумкин.

Смартфон 3ГБ тезкор, 32ГБ доимий хотирага эга. 1ТБ сиғимгача microSD карта учун махсус слот бор.

Расмлар олиш учун тўртта камера сизнинг хизматингизда: 5МП селфи камера, 13МП асосий камера, 2МП макро камера ва 2МП сатҳ камераси.

Қурилмани қувват билан 5,000 мАс аккумулятор таъминлаб туради. Смартфон 15 Вт да заряд олади. Қиёс учун, ўтган йилги A01'нинг аккумулятори 3,000 мАс эди.

Galaxy A02s қора ва оқ рангларда 2021 йил февралда сотувга чиқади. Нархи 150 евро.

ЎҚИНГ: Galaxy A72 – пентакамерали илк Samsung смартфони