679 000 сўмга флагман дизайнли смартфон оласизми?

  •   DiMaX
  •  4529
  •  01.06.2018 18:50

679 000 сўмга флагман дизайнли смартфон оласизми?

Ҳурматли «Terabayt.uz» мухлислари, хабарингиз борки, Ўзбекистон бозорига шу йилнинг бошида кириб келган MDC компанияси бир қатор смартфонлари билан танилиб улгурди. Бугун биз сизларга ушбу бренднинг Grand номли қулай, яхши техник хусусиятлар билан жиҳозлаанган ва энг асосийси – ҳамёнбоп смартфони ҳақида батафсил гапириб берамиз!

Қани, кетдик!

Жамланма

MDC Grand моделининг қадоғи картондан ишланган, дизайни бошқа қутилардан деярли фарқ қилмайди. Қадоқнинг орқа томонида смартфоннинг энг муҳим техник кўрсаткичлари ёзилган.

Қутининг ичида эса смартфоннинг ўзидан ташқари яна microUSB-кабель, қувватлагич, қулоқчин, ғилоф, SIM-карта скрепкаси, фойдаланиш йўриқонмаси ва кафолати талони жой олган! Мана, кўриб турганингиздек, смартфон жуда арзон бўлишига қарамасдан, қутида керакли энг асосий элементларнинг барчаси бор!

Дизайн

MDC Grand модели флагманлар дизайнидан яратилган Ўзбекистондаги энг арзон смарфтонлардан бири бўлса ажаб эмас! Чунки унга томонлари ўзаро 18:9 нисбатли экран ўрнатилган, дизайни қайсидир маънода Samsung Galaxy S8 флагманини ҳам эслатиб юборади.

MDC Grand корпусининг юза томонини деярли буткул эгаллаган дисплей тепасида 2 мегапикселли олд камера ва бошқа тегишли датчиклар жойлашган. Пастида эса моддий «Уйга» тугмачаси йўқ – у ҳам сенсор тугмача сифатида экран панелига интеграция қилинган.

Орқа панелининг юқори қисмида 8 мегапикселли асосий камера, унинг остида фоточақноқ, янада пастда бармоқ изи сканери ўрин олган. Қизиғи шундаки, бу қурилмадан анча қимматроқ нархли смартфонларда ҳам баъзан бу технологияни тополмайсиз, MDC Grand моделида бармоқ изи сканери бор!

Пастки чап бурчагига яқин жойда эса динамик тирқишчалари кўзга ташланади. Корпуснинг юқори қиррасида қулоқчин учун 3.5 миллиметрлик тирқиш ҳамда одатий USB 2.0 порти жойлашган.

Телефонда иккита SIM-карта жойи мавжуд, у учинчи авлод – 3G уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайди. Қувонарли жиҳати – хотира картаси булардан бирининг ўрнига қўйилмайди, балки microSD уяси алоҳида жойлашган.

Смартфон корпусининг ўлчамлари 147x70x10 миллиметрни, вазни эса 160 граммни ташкил этади.

Экран

Келинг, энди ушбу ҳамёнбоп смартфондаги энг муҳим компонент – дисплей ҳақида гаплашсак! Смартфоннинг 5,5 дюймли экрани замонавий трендларга кўра ишланган – томонлари ўзаро 18:9 нисбатда, пикселлар зичлиги бир дюймга 260 та! Ҳозирда бундай янгиликни асосан нархи анча юқори бўлган смартфонларда учратиш мумкин. Бироқ MDC бу стереотипни бузиб, анчагина арзон смартфонга ана шундай экран ўрнатган.

Экран сенсори яхши ва тез ишлайди. HD технологияси (1280x640 пикселли) туфайли бу дисплей рангларни жуда яхши етказиб бера олади. Бунда контрастнинг аниқлиги, экранга бурчак остида қараганда ҳам ранглар ўз тусини йўқотмаслигини IPS-матрица таъминлайди.

Камера

Одатда, нархи арзон смартфонларнинг камерасидан олинга суратларнинг сифатига яхши баҳо берилмайди. Аммо бу ерда вазият бироз бошқача. MDC Grand девайсига аниқлиги 8 мегапикселли асосий камера ўрнатилган, камера интерполяцияси 13 МПгача.

Смартфон камерасидан олинган расмлар сифати анча қониқарли – нархига яраша! Энг қизиғи, камерада HDR режими ҳам кўзда тутилган бўлиб, у орқали олинадиган расмларнинг сифатини яхшилаш мумкин. Албатта, бундай ҳамёнбоп смартфондан юксак сифатли расмли кутиш ноўрин. Шундай бўлса-да, камроқ ёритилган шароитда ҳам олинган расмларда деталларни фарқласа бўлади. Камерада монохром, сепия, негатив, сув ости, оқ доска каби ранг эффектлари бор. Шу билан бирга, оқ ранг баланси ва экспозиция қийматларини ҳам созласа бўлади. Юзни аниқлаш функцияси ҳам яхши ишлайди. Ёзиладиган видео сифати ҳам ёмон эмас.

Мана, MDC Grand камераси орқали олинган суратлар намуналарини томоша қиламиз:

MDC Grand смартфонининг 2 мегапикселли олд камераси ҳам ўз ишини яхши бажаради. Ҳар ҳолда, суратдаги деталлар аниқ қўринади. Селфилар сифати ўртача!

Процессор ва интерфейс

Смартфонга 1.3 гигагерц частотада ишловчи тўрт ядроли MTK6580 процессори ва Mali-400MP2 видеочипи ўрнатилган. Тезкор хотираси 2, доимий хотираси эса 16 гигабайт ҳажмга эга. Агарда смартфонда кўпроқ суратга ва видеога оладиган ёки унинг хотирасида кўп файл сақлайдиган бўлсангиз, буям муаммо эмас – 64 гигабайтгача ҳажмли microSD-карта қўйиш имкони бор.

AnTuTu самарадорлик тестида мазкур қурилма деярли 24 000 балл тўплаган. Бу эса смартфонда унчалик оғир бўлмаган ва кўп қувват талаб қилмайдиган ўйинларни ўйнаш, бир вақтнинг ўзида бир нечта иловадан самарали фойдаланиш, шунингдек, узоқ муддат видео кўриш ва олиш учун етарли.

Смартфон Android операцион тизимининг 7 Nougat талқини бошқаруви остида ишлайди, асосий экран ва иловалар учун алоҳида UI, яъни дизайн ишлаб чиқилган.

Аккумулятор

MDC Grand аккумуляторининг сиғими 3000 мА/соат. Бу кун давомида смартфондан ўртача фаолликда, яъни ёқилган мобил интернет, қисман ўйин ўйнаш, қисман Wi-Fi ва GPS алоқасидан фойдаланиш мумкин, дегани.

Умуман олганда, бу кўрсаткич нархи 700 000 сўмга ҳам бормайдиган смартфон учун ёмон эмас!

Хулоса

Хуллас, MDC Grand ҳақида сўзимизни якунлар эканмиз, келинг, смартфоннинг энг асосий яхши жиҳатларини санаб ўтсак! Бу албатта, унинг дизайни ва экрани, ўз нархига жуда муносиб камера, бармоқ изи сканери ва албатта ҳамёнбоп нархи. Моделнинг пластик корпусини унинг камчиликларига киритишимиз мумкин, аммо инсоф билан айтганда, бундай нархда металл корпусли смартфон топиш ҳам осон иш эмас!

Айтганча, яна бир яхши хабар: MDC компанияси ўз смартфонларига Ўзбекистон ҳудудида 1 йиллик кафолат хизматини тақдим этади!

Ушбу смартфонни olcha.uz интернет дўконидан энг ҳамёнбоп нархда харид қилишингиз мумкин. Ўзбекистон бўйича етказиб бериш бутунлай бепул амалга оширилади.