7-авлод Intel чипига эга Mi Notebook Air MacBook Air’дан 390 доллар арзонга баҳоланди

7-авлод Intel чипига эга Mi Notebook Air MacBook Air’дан 390 доллар арзонга баҳоланди

Xiaomi компанияси 2016 йилда электроника бозорига дисплей диагонали 13,3 ва 12,5 дюйм бўлган Mi Notebook Air номли ноутбук моделларини сотувга чиқарган эди. Уларнинг юқори талқини 6-авлод Intel Core i5 ва Core M3 процессорлари билан таъминланган эди. Компания энди ноутбукнинг юқори — 13,3 дюймли модификациясини Kaby Lake туркумига кирувчи самарали, 7-авлод процессорларида, шунингдек бармоқ излари сканери билан ишлаб чиқармоқда.

Металл корпусли Xiaomi Mi Notebook Air ташқи кўринишидан аввалги йилги ноутбукдан фарқ қилмайди. Бироқ, янги гаджетнинг тачпад доскачаси илғорлашиб, унинг чап томон юқори қисмида бармоқ излари сканери пайдо бўлган. Энди тизимга кириш учун махфий сўз ва паролларни ёдлаб юришга ҳожат қолмади.

Ноутбук 13,3 дюймли Full HD (1920×1080 пикселли) сиғимли экранга эга. Mi Notebook Air Xiaomi’нинг юпқа корпусли ноутбуки бўлиб, корпус қалинлиги 14,8 мм бўлиб, у 1,3 кг тош босади. MacBook Air эса 17 мм.ли корпусга эга ва 1,35 кг вазнга эга.

Mi Notebook Air максимал — 3,1 ГГц частота тезлигида ишлайдиган 7-авлодга мансуб Intel Core i5-7200U процессори ҳамда 22 гигабайтли мустақил тезкор хотирали GeForce GTX 940MX видеокартаси билан том маънода “ашаддий рақиби” бўлган Apple MacBook Air ноутбукига бас кела олади. Унга 8 ГБ тезкор ва 128 ёки 256 ГБ доимий хотира ўрнатилган.

Девайснинг аккумулятор сиғими 4000 мА соат ва бу қувват унга 7,5-8 соатга етади. Корпусда USB-C порти, 2 та тўлиқ ўлчамли USB 3.0 портлари ва HDMI-интерфейси мавжуд. Шунингдек, лаптопдаги 2 та AKG брендига тегишли карнайлар Dolby Audio технологиясида ишлайди ва мусаффо овоз таратади.

Core i5 процессорига эга янги Xiaomi Mi Notebook Air 13.3 кейинги ҳафтада сотувга чиқарилади. Унинг 128 ГБ хотирага эга талқини $735, 256 ГБ талқини $810 доллардан сотувга чиқарилади. Таққослаш учун айтамиз, Core i5 процессорига эга 128 гигабайтли MacBook Air $999, 256 ГБ.лиси $1199 доллардан сотилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!