700 долларлик iPhone 8'нинг ҳам таннархи ҳисобланди

700 долларлик iPhone 8'нинг ҳам таннархи ҳисобланди

Бир муддат аввал экспертлар iPhone X флагманнинг таннархини айтишган эди.

IHS Markit маркетинг-таҳлил компанияси 12 сентябрда Apple тақдим қилган iPhone 8 ҳамда iPhone 8 Plus флагманларини тайёрлаш учун қанча маблағ сарф қилинганини ҳисоб-китоб қилиб кўрди.

Экспертларнинг қайд этишларича, 64 гигабайтли хотирага эга 4.7 дюймли iPhone 8'нинг ҳар бири учун купертинолик ишлаб чиқарувчи бутловчи қисм етказиб берувчи ва уларни йиғадиган компанияларга жами 247,51 доллар миқдорида пул тўлаб беради. Яъни, бу 2016 йилда тақдим қилинган iPhone 7'дан 10 долларга қиммат.

5,5 дюймли iPhone 8 Plus модели эса бир оз қимматга тушган. Бу смартфон учун Apple 288,08 доллар сарф қилади. Таққослаб кўрадиган бўлсак, 2016 йилнинг "Plus-версия"си учун компания 270,88 доллар маблағ сарфлаган.

Бутловчи қисм ва уларни йиғиш харажатлари ошгани боис, смартфонларнинг бозорга чиқарилиш нархларида ҳам бу йил ўзгариш кузатилади. Жумладан, iPhone 8 ва iPhone 8 Plus бозорга олдинги йилги iPhone 7 ва iPhone 7 Plus'дан 50 АҚШ долларига қимматроққа чиқарилган. Эслатиб ўтамиз, Apple iPhone 8 учун компания $699 доллар, iPhone 8 Plus учун эса $799 доллар сўрамоқда.

IHS Markit эксперти Уэйн Лемнинг сўзларига кўра, iPhone 8 ва iPhone 8 Plus таннархи илғор камера, кучли процессор ва хотира қисмидаги бутловчи қисмларнинг қимматлашуви эвазига кўтарилган. Бу галги смартфонларда энг кичик доимий хотира сиғими 32 гигабайтдан 64 гигабайтга кўтарилгани боис, Apple хотира учун 6 доллар кўпроқ харажат қилди. Янги A11 Bionic процессори эса "аждоди"дан 5 долларга қимматроққа тушди.

Шунингдек, таҳлилчиларнинг фикрича, iPhone таннархининг ўзи билан иш битмайди. Apple бундан ташқари тадқиқот ва илмий изланишларга, дизайн, маркетинг, рухсатнома ва сертификатлар учун, патент учун катта пул сарфлайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!