700 миллион фойдаланувчилар ва Telegram Premium

700 миллион фойдаланувчилар ва Telegram Premium

Telegram'нинг iOS учун иловаси 8.8 версияга янгиланди. Android ва компютер учун Telegram иловаларига эса янгиланиш келиши ҳали ҳам кутилмоқда. Telegram янгиланишларни барча платформалар учун бир кунда чиқаришини ҳисобга олсак, қолган тизимлар учун ҳам тез орада янгиланиш юборилади, шундай экан бироз сабр қилишга тўғри келади.

Маълум бўлишича, эндиликда Telegram 700 миллиондан ортиқ ойлик актив фойдаланувчиларга эга ва бу натижага фақат тавсиялар билан эришилган бўлиб, Telegram реклама учун ҳеч қандай маблағ сарфламаган.

Навбатдаги янгиланиш бир неча ойдан бери миш-миш бўлиб келаётган Telegram Premium обунасини ўз ичига олади. Аввал айтилганидек, пуллик обуна мамлакатларга ҳар хил нархда бўлади. Масалан, Америка учун обуна нархи ойига $4.99 бўлса, Ўзбекистонда бу $5.49 яъни 60.000 сўм атрофидаги нархни ташкил қилади.

Telegram Premium нималарни ўз ичига олади?

Telegram Premium'га обуна бўлиш орқали фойдаланувчилар икки баравар кўп чекловларни, 4 GB ҳажмдаги файлларни юклаш, тезроқ юклаб олиш, эксклюзив стикерлар ва реакциялар, яхшиланган чат бошқаруви - ва яна кўп нарсаларни очадилар.

Шу билан бирга, барча мавжуд бўлган бепул хусусиятлар ана шундайлигича қолади ва келажакда яна бепул функциялар қўшилишида давом этади. Бундан ташқари, Premium бўлмаган фойдаланувчилар унинг баъзи афзалликларидан баҳраманд бўлишлари ҳам мумкин: масалан, ҳаддан ташқари катта ҳажмдаги файлларни юклаб олишлари ва Premium фойдаланувчилар томонидан юборилган стикерларни кўришлари, шунингдек, хабарларга аллақачон қўшилган Premium реакцияларни босишлари мумкин.

4 GB юкламалар

Ҳар қандай фойдаланувчи ҳар бири 2 GB гача бўлган катта ҳажмдаги файлларни Telegram булутига юклаши ва чексиз хотирадан бепул фойдаланиши мумкин. Telegram Premium билан энди обуначилар 4 GB ҳажмли файлларни ҳам юборишлари мумкин бўлади – бу 4 соатлик 1080p видео ёки 18 кунлик юқори сифатли аудио учун етарли жой.

Telegram'нинг барча фойдаланувчилари Telegram Premium'га обуна бўлган-бўлмаганидан қатъий назар, бу катта ҳажмдаги ҳужжатларни юклаб олишлари мумкин .

Тезроқ юклаб олиш

Premium обуначилар медиа ва файлларни максимал тезликда юклаб олишлари мумкин. Сиз чексиз булутли хотирангиздаги ҳамма нарсага тармоқингиз етиб бора оладиган даражада тез киришингиз мумкин.

Икки карра оширилган чегаралар

Premium фойдаланувчилар иловадаги деярли ҳамма нарса учун оширилган чекловларга эга бўлишади. Premium билан сиз 1000 тагача канални кузатишингиз, ҳар бирида 200 тагача чатга эга 20 тагача чат папкасини яратишингиз, исталган Telegram иловасига тўртинчи аккаунт қўшишингиз, 10 та чатни асосий роʻйхат юқорисига қадашингиз ва 10 тагача севимли стикерлар, 400 тагача севимли GIF'ларни сақлашингиз мумкин.

Бундан ташқари, сиз узоқроқ биография ёза ва унга ҳавола кирита оласиз. Шунингдек, Premium медиа таглавҳаларига кўпроқ белгилар қўшиш имконини ҳам беради. Шу билан бирга, Premium фойдаланувчилари канал ёки гуруҳлар яратишда 20 тагача очиқ t.me ҳаволаларидан фойдаланиши мумкин.

Овозли хабарларни матнга ўгириш

Овозли хабарларни тинглашни истамайдиган, лекин унда нима дейилганини кўришни хоҳлаган вақтлар ҳаммамизда бўлади. Premium обуна эса бизга ана шундай ҳолатларда овозли хабарларни матнга айлантириш билан катта ёрдам беради. Шу ўринда савол туғилади: Telegram Premium ўзбек тилидаги овозли хабарларни ҳам матнга ўгира оладими? Жавоб эса, ҳа, биз буни синаб кўрдик ва унга 5 баллик тизимда 4 баҳо бердик. 

Ноёб стикерлар

Энди ўнлаб стикер тўпламларида тўлиқ экран анимацияли стикер мавжуд бўлиб, уларни Premium фойдаланувчилари исталган чатда юборишлари мумкин. Ушбу Premium стикерлар коллексияси ҳар ой Telegram ижодкорлари томонидан янгиланади.

Сиз барча Premium стикерларни илова асосий менюсидаги Стикерлар бўлимининг “Яқинда фойдаланилганлар” панелидан тезда топишингиз мумкин.

Ноёб реакциялар

Шунингдек, Premium обуна эгалари 10 дан ортиқ янги эможилар 👌😍❤️‍🔥💯(ва янги севимлилар 🤡🌭🐳) билан хабарларга реакция билдира оладилар.

Ривожланган чат бошқаруви

Telegram Premium чат рўйхатини тартибга солиш учун янги воситаларни ўз ичига олади, масалан, энди иловани очганингизда ҳар доим сизга "Барча суҳбатлар" стандарт папкаси эмас, балки ўзингиз белгилаган, айтайлик, “Ўқилмаганлар” папкаси очиладиган қилиб созлаш мумкин.

Стандарт папкани ўзгартириш учун уни босиб туриш ва Қайта тартиблаш мавжуд бўлганда папкани бошқа жойга тортиш кифоя.

Бундан ташқари, обуначилар Махфийлик ва Хавфсизлик бўлимида янги чатларни автоматик архивлаш ва овозини ўчириш учун созламани ёқиши мумкин.

Анимацияланган профил расмлари

Premium фойдаланувчиларнинг профил видеолари иловадаги ҳамма учун жонлантирилади, жумладан чатларда ва чатлар рўйхатида.

Premium нишонлар

Барча Premium фойдаланувчилар чатлар роʻйхати, чат сарлавҳалари ва гуруҳлардаги аъзолар рўйхатларида ўз исмлари ёнида кўринадиган Premium махсус нишонга эга бўладилар, бу улар Telegram'ни қўллаб-қувватлашга ёрдам беришини ва биринчи навбатда эксклюзив функцияларни оладиган клубнинг бир қисми эканлигини коʻрсатади.

Premium илова пиктограммалари

Янги пиктограммаларни алиштириш хусусияти билан фойдаланувчилар ўзларининг шахсиятига ёки фон расмига мос келадиган кўплаб иконкаларнинг биридан фойдаланишлари мумкин. функция бепул обуначилар учун ҳам мавжуд, лекин унда иконкалар танлови учта қилиб белгиланган.

Рекламалар йўқ

Баъзи мамлакатларда реклама хабарлари катта каналларда кўрсатилади. Бу минималистика ва махфийликка асосланган рекламалар Telegram'нинг операцион харажатларини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради, бироқ, Telegram Premium обуначилари учун энди у кўринмайди.

Янги бепул функциялар

Telegram нафақат Premium обуначилари учун янги хусусиятлар, балки ҳамма учун мавжуд бўлган бепул хусусиятларни жорий этишда давом этади ва бу янгиланиш ҳам бундан мустасно эмас – у янги, бепул хусусиятларни ўз ичига олади.

Оммавий гуруҳларга қўшилиш учун сўров

Ушбу янги хусусият гуруҳ администраторларига янги аъзоларни чатда гуруҳга қўшилишидан олдин кўриб чиқишга имкон беради. Гуруҳни очган фойдаланувчилар қўшилиш сўровини босишлари ва ўз сўровларини фақат администраторлар кириши мумкин бўлган рўйхатга қўшишлари мумкин.

Администраторлар гуруҳларига қўшилишни хоҳлаган фойдаланувчилар билан боғланиб, қоидаларга риоя қилишлари, уларнинг мос келишига ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Администратор гуруҳга қўшилмоқчи фойдаланувчига мурожаат қилганда, Telegram унга гуруҳ администратори эканини билдиради.

Оммавий гуруҳлар эгалари Гуруҳ ҳақида маълумот > Таҳрирлаш > Гуруҳ тури > Ким хабарлар юбориши мумкин > Фақат аъзоларъни танлаш > Янги аъзоларни тасдиқлаш орқали қўшилиш сўровларини ёқиши мумкин.

Чатлардаги тасдиқлаш нишонлари

Telegram'да тасдиқланган канал ёки бот эгаларига верификация белгиси берилади ва авваллари у профиллар, қидирув натижалари ва чатлар рўйхатида кўриниб турар эди ва эндиликда уни чат ичида ҳам кўриш мумкин бўлади.

Яхшиланган ботлар

Бот ишлаб чиқувчилари энди ўз ботларининг хусусиятларини кўрсатиш учун ажратилган “Бу бот нима қила олади?” бўлимига расм ёки видеони қўшишлари мумкин.

Android'да суҳбатни олдиндан кўриш яхшиланди

Энди сиз бутун суҳбатни ўқиш учун киришдан олдин уни чат рўйхатидаги суҳбатдошингиз профил сурати устига босиб туриш билан чиқадиган ойна орқали чатни тўлиқ кўриб чиқа оласиз. Шунингдек, очилган ойнадан чатни ўқилган деб белгилашингиз, овозини ўчиришингиз, юқорига маҳкамлашингиз ёки уни ўчириш имконини берувчи янги тугмалардан фойдаланишингиз ҳам мумкин.

Android'да медиани Галереяга автоматик сақлаш

Энди сиз расм ёки видеоларни Галереянгизга автоматик сақланишини гуруҳ ёки канал ёки чатлар учун учун алоҳида  созлашингиз мумкин.

iOS'да ташқи алмашиш яхшиланди

Telegram'га файлни юборишдан олдин уни сақлашингиз шарт эмас. 2 Gb ( ёки 4 Gb ) гача бўлган файлларни жўнатиш имконияти билан фойдаланувчилар исталган мобил платформада бошқа иловалардаги катта медиа-файлларни бевосита Telegram'га осонгина жўнатишлари мумкин.

iOS'даги бошқа иловадан улашилган катта ҳажмдаги файлларни жўнатаётганда, энди жараённинг анимацион панелини кўришин мумкин.

macOS'да анимацион профил расми яратувчиси

MacOS фойдаланувчилари энди исталган стикер ёки анимацион эможини танлаш ва унинг орқасига рангли градиент фон қўшиш имконини берадиган махсус профил расм яратувчисига эга ва унда яратилган суратларни нафақат ўз профилга, балки, гуруҳ ёки канал фотосурати сифатида ҳам ўрнатиш мумкин.

Улардан бирини яратиш учун Созламалар ёки Чат ҳақида маълумот саҳифасига ўтиш, Таҳрирлаш тугмасини босиш > Профил расмини босиш > Стикер ёки Эможи танлаш керак.

Шунингдек, Ушбу янгиланиш мобил ва компютер иловаларига 100 дан ортиқ тузатишлар ва оптималлаштиришларни ўз ичига олади - хатоликларни йўқ қилади, тезликни оширади. Энг янги iPhone ва iPad қурилмаларига эга iOS фойдаланувчилари илова давомида сезиларли даражада силлиқ анимацияларга (120 FPS) эга бўладилар. Android фойдаланувчилари эса овозли ва видео хабарлардаги яхши аудио ва видео сифатини сезишлари, шунингдек, муқобил илова пиктограммаларини ўрнатишлари, барча сўнгги стикерларни бир вақтнинг ўзида ўчиришлари ва фойдаланувчи биоси ёки чат тавсифларини таржима қилиш имкониятларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Юқорида айтилганидек ушбу янгиланиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Агар сизга ҳали янгиланиш келмаган бўлса, илтимос, бироз кутинг, янги версия тез орада тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Microsoft'дан қурилмаларингиз учун ҳимоя воситаси

 
 
 
 
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.