90 ёшли геймер онахон Гиннесснинг рекордлар китобига кирди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1188
  •  12.05.2020 12:53

90 ёшли геймер онахон Гиннесснинг рекордлар китобига кирди! (+видео)

Японлар – ҳамиша янгиликка ўч, кексайганида ҳам тинч ўтирмайдиган халқ. Масалан, биз аввал iPhone учун илова ясаган 81 ёшли япониялик онахон ҳақида ёзганмиз.

ЎҚИНГ: 87 ёшли кампирни Instagram'да 160 минг кузатувчиси бор, сизда-чи?

Навбатдаги қаҳрамонимиз эса ундан ҳам кекса – тўқсон билан тўқнашган Хамако Мори исмли геймер онахон бўлади. Унинг таъкидлашича, видеоўйинлар кишининг қариганда ҳам эс-ҳушни йўқотмасликка ёрдам беради.

Биз аввалроқ Fortnite’даги ғалабалари билан Гиннесс рекордлар китобига кирган қўл-оёқсиз геймер ҳақида ёзгандик. Кунчиқар юртилик Хамако Мори эса яқинда дунёдаги энг кекса геймер сифатида мазкур нуфузли китобга киритилди.

Гиннесснинг рекордлар китоби таҳририятига берган интервьюсида тан олишича, Хамако Мори видеоўйинларга кунига 7–8 соат вақт сарфлар экан! Бунақа кўрсаткич ҳатто ёшлар учун ҳам ортиқча ҳисобланади, бироқ япон онахоннинг шашти баланд. У ўз умрининг шу пайтгача бўлган қисмини муносиб яшаган, энди эса Grand Theft Auto V, Resident Evil 3 Remake, Call of Duty: Modern Warfare ва бошқа кўплаб замонавий ўйинларга шўнғиб кетган.

Хамако Мори нафақат сайёрамиздаги энг қари геймер, балки шу билан бирга энг ёши катта видеоблогер ҳам ҳисобланади. Онахон ўз ўйинларини эълон қилиш учун YouTube сервисида ўзига канал ҳам очиб олган. Каналда 185 мингдан ошиқ обуначи мавжуд ва ҳар бир лавҳаси 20 мингтадан миллионтагача кўрилади!

ЎҚИНГ: Бу актриса аккаунт очибоқ Instagram’ни ишдан чиқарди ва ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига кирди!