Acer Chromebook 14: куннинг энг арзон яхши ноутбуклари қаторида

Acer Chromebook 14: куннинг энг арзон яхши ноутбуклари қаторида

Персонал компютер ишлаб чиқарувчилар сўнгги вақтларда хромбук туркуми остида ҳамёнбоп, шунингдек имкониятлари кенг ноутбуклар ишлаб чиқаришга одатландилар. 2011 йилдан ишлаб чиқарила бошланган, Chrome OS операцион тизимида фаолият кўрсатадиган, ноутбукка нисбатан кичик экранли бу қурилмаларда иловаларни қаттиқ дискка ўрнатиш шарт эмас. Chrome браузерини очиб, Google веб-сервисларидаги иловалардан фойдаланиш мумкин.

Жумладан, Тайваннинг Acer компанияси қаторасига 3-йил ушбу бозорда яққол пешқадамлик қилмоқда.Хромбук бозорида Acer’нинг Acer Chromebook 14, экрани 15,6 дюймли Acer Chromebook 15, корпуси ихчамлашадиган 13,3 дюймли Chromebook R 13 ва Vibrant Gorilla Glass ҳимоя шишасига эга Acer Chromebook 14 каби моделлари оммалашган. Халқаро бозорда улар ўртача 250 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Acer Chromebook 14 (CB3-431-C5FM) айни пайтда бозорда $264.99 доллардан бошлаб сотилмоқда.  Asus Chromebook Flip ($269.99) ёки Acer Chromebook R 11 ($279.99) каби  10 ва 11 дюймли ноутбуклардан сўнг Acer компанияси 2016 йилнинг июл ойида 14 дюймли Acer Chromebook 14’ни тақдим қилди. Бу ноутбук узоққа етадиган аккумулятори, металл корпуси ва кенг ҳамда ёрқин full HD экрани, арзонлиги билан оммабопдир. Айтиш жоизки, бу — Intel процессорига эга илк хромбук.

Дизайн ва жиҳатлари

Chromebook 14 Алюминийдан тайёрланган 0.7 см қалинликдаги юпқа корпусга эга Acer – 14″ Chromebook девайси 1,5 кг тош босади. Унинг жилосиз алюминий корпусига ажойиб тарзда ишлов берилган. Дизайн жиҳатидан 14 дюймли металл корпусли гаджет 1000 доллар турадиган ҳашамдор ноутбукларни эслатиб юборади. Бу борада у ўзининг рақиблари бўлган Asus Chromebook C202SA-YS02 ($194.88), Dell Chromebook 11 Non-Touch ёки Toshiba Chromebook 2 ($429.99) каби ноутбуклардан устун.

Клавиатурага юзлансак, клавишларнинг тўлиқ ва катта ўлчамларда ишланганига гувоҳ бўламиз. Улар бир оз силлиқ ва босганда сал-пал қаттиқ туйилади. Яна бир яхши томони — тачпад, яъни клавиатура остидаги сенсор доскаси кенглиги ҳамда тезкорлиги билан ўзига хос.

Қуйидаги стерео-динамикларнинг эса овоз узатиши яхши ва ўртача катталикдаги хонада улардан таралган овозни бемалол эшитиш мумкин.

Алоқа имкониятлари

Уланиш учун корпусда HDMI порти, ноутбукни “қулфлаб” қўйиш мумкин бўлган Kensington порти, корпус чап томонида 2 та USB 3.0 портлари, ўнг томонда ўчириб-ёқиш тугмаси билан ёнма-ён аудио қулоқчин учун анъанавий коннекторга жой ажратилган.

Афсуски, корпусда қўшимча хотира флешкаси — SD-карта учун жой ажратилмаган. 32 ГБ хотирага қаноат қилишга тўғри келади. Бироқ, яхши хабар ҳам бор — фойдаланувчиларга 100 гигабайтгача бўлган файл ва маълумотларини Google Drive “булутли” – виртуал маълумотлар омборхонасида сақлаш имкони берилади.

Ноутбукни Bluetooth 4.2 ҳамда Wi-Fi (dual-band 802.11ac) симсиз алоқа тармоқларига улаш мумкин. Бошқа қурилмалардан сурат, мусиқа ва бошқа турдаги файлларни юклаб олиш мумкин.

Экран

14 дюймли IPS экранда тасвир ёрқин ва аниқ-тиниқ. Full HD дисплей 1920 x 1080 пикселли бўлиб, нур қайтарувчи қопламага эга. Одатда ҳамёнбоп ноутбуклар HD’дан нарига ўтишмас эди. Бу гал Acer бу қоидани бузди. Тасвир экраннинг марказида ҳам, чеккаларида ҳам бир хил тарзда сифатли акс этади.

Платформа ва самарадорлик

Acer – 14″ Chromebook ноутбуки Google Chrome OS операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Бунинг афзаллиги шундаки, тизим ўзи учун зарур хавфсизлик ва дастурий маҳсулотларни Google’дан автоматик равишда юклаб ва янгилаб боради.

Acer Chromebook 14’да Intel’нинг Celeron® N3160 процессори ўрнатилган. Бошланғич даражали ноутбукларга мўлжаллаб 2016 йилда тақдим қилинган 8 ядроли бу чипнинг частота тезлиги 1.6 – 2.24 Гцц.ни ташкил қилади. Ундан асосан электрон почта, интернет ва бошқа ҳисоб-китоб, фильмлар кўриш каби вазифаларда фойдаланса бўлади. Ноутбукдаги график-тасвирлар учун Intel’нинг HD Graphics 400 видео-картаси масъул. У ўйин ўйнаш, суратлар таҳрир қилиш каби вазифаларни бемалол уддалай олади.

Процессор платформаси учун 4 гигабайтли тезкор хотира танланган. Бу хотира бир вақтнинг ўзида бир қанча интернет саҳифаларини ва иловалар очиб қўйиш баробарида HD фильмлар томоша қилинса ҳам – қийналиб қолмайди. Ноутбукнинг доимий хотираси 32 ГБ.

Қувват манбаи

Бу ноутбук аккумулятори билан мақтана олади. Chromebook 14 тўлиқ қувват билан 11 соат ва яна 50 дақиқа фаолият кўрсатади. Яъни, бу – бир кунлик фаолият учун етарли. Унинг кўрсаткичи Toshiba Chromebook 2 (5:32 соат ишлайди), Acer Chromebook R 11 (10:35), Lenovo Thinkpad 11e (7:35), $159 долларлик CTL Chromebook J2 (8:55) ҳамда Dell Chromebook 11 Non-Touch (10:37) каби рақибларникидан яхши натижа.  Asus Chromebook C202SA (12:05) ва CTL J5 (12:21) лаптоплари эса Acer Chromebook 14’ни кичик фарқ билан мағлуб қилишади.

Унутманг, Acer – 14″ Chromebook ноутбукида DVD/CD дискларни ўқийдиган драйвер мавжуд эмас.  

Хулоса

Acer Chromebook 14

8.8балл

Acer компанияси 2016 йилнинг июл ойида 14 дюймли Acer Chromebook 14'ни тақдим қилди. Бу ноутбук узоққа етадиган аккумулятори, металл корпуси ва кенг ҳамда ёрқин full HD экрани, арзонлиги билан оммабопдир.

Дисплей

Аккумулятор

Платформа ва самарадорлик

Дизайн

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

  • Full HD дисплей
  • 12 соатга етадиган аккумулятор
  • Google'дан 100 ГБ виртуал хотира
  • Металл корпус

 Камчилиги

  • 32 ГБ доимий хотирани кенгайтириб бўлмайди
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.