Адлия вазири ҳам Ўзбекистондаги интернет нархи ва сифатини танқид қилди

  •   DiMaX
  •  504
  •  13.03.2021 16:16

Адлия вазири ҳам Ўзбекистондаги интернет нархи ва сифатини танқид қилди

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов мамлакатимизда интернет нархи ва сифати ҳақида гапирди, деб ёзмоқда ЎзА. Унинг қайд этишича, 1 гб мобиль интернет Ҳиндистонда 950 сўм, Исроилда 1,2 минг сўм, Қирғизистонда 2,2 минг сўм, Италияда 4,5 минг сўм, Украинада 4,9 минг сўм, Қозоғистонда 5 минг сўм, Ўзбекистонда эса 16 минг сўм.

ЎҚИНГ: Интернет қаерда энг арзону қаерда энг қиммат?

Кўриниб турибдики, юртимизда интернет нархи бошқа давлатларга нисбатан анча қиммат. Тезлиги эса...

Аҳолини интернет орқали қамраб олиш кўрсаткичи бор-йўғи 51 фоизни ташкил этади. Қўшни Қозоғистонда бу кўрсаткич 80 фоиз.

Адлия вазири айнан шу жиҳатлар аҳолига ҳуқуқий ахборот тўлиқ етиб бормаётганининг асосий сабаби эканини таассуф билан таъкидлади: «Шунча ҳуқуқий ахборот тайёрлаб тарқатганимиз билан, ахборот етказиш воситалари қай аҳволда деган масала ҳал қилувчи бўлиб қоляпти».

Куни кеча Сенат ялпи мажлисида ахборот берган адлия вазири Русланбек Давлетов оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳам тўхталди. Ўзбекистонда 34 миллион аҳолига 19 марказий телеканал, 14 радиоканал хизмат кўрсатмоқда. Лекин уларнинг 25 фоизигина ахборот етказиш билан шуғулланади, қолганлари асосан кўнгилочар кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаб тарқатади.

АҚШда эса 8 мингдан ортиқ (аҳолиси 332 млн), Россияда 3,3 минг (146 млн), Қозоғистонда 90 дан зиёд, Украинада 600 дан кўпроқ телеканал бор.

Ўзбекистонда 1,8 мингдан ортиқ ОАВ фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 60 фоиздан ортиғини нодавлат ОАВни ташкил этади. Интернет тармоғида ОАВ сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритаётган веб-сайтлар сони 630 тага етди.

Бироқ бошқа давлатларга солиштирсак, бу нақадар камлиги кўринади: Россияда электрон ОАВ сони 19 мингдан ортиқ, Украинада 12 мингдан зиёд электрон оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда.

ЎҚИНГ: Бош вазир ваъда берди: интернет тезлиги камида 10 Мбит/сонияга етказилади! (+видео)

Дунёда сўнгги йилларда босма нашр маҳсулотларининг адади тушиши тенденцияси кузатилмоқда. Бироқ унинг ўрнини интернет, замонавий рақамли технологиялар, электрон китоблар, аудиокитоблар эгалламоқда.

Шу мақсадда ҳукуматнинг 2020 йил 14 декабрда «2020 – 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури» тасдиқланган.

Китоблар, газета-журналларнинг жойларга етиб боришида эса инфраструктура, хусусан, ривожланган почта хизмати керак. Сўнгги тўрт йилда «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан матбуот тарқатиш ҳажми 3 баробарга камайиб, унинг матбуот тарқатишдаги улуши 13 фоизни ташкил этмоқда. Почта алоқаси етказиб бериш участкалари сони 4,8 мингдан 3 минг 571 тага, қишлоқ жойларда 2 минг 893 тадан 2 минг 62 тага камайган.

Босма ва электрон газета-журналларни, китобларни истеъмол саватчаси таркибига киритиш масаласини кўриб чиқиш лозим.

– Бизда интернет ва энергия билан боғлиқ муаммолар бор экан, аҳолига босма шаклда ахборот етказиш усулини ривожлантириш зарур, – деди вазир. – Шунинг учун ушбу соҳадаги муаммолар ҳал қилиниши керак. Ҳозир ҳуқуқий ахборотни ранг-баранг, манзилли тарзда тарқатмоқдамиз. Бу жараён янада кенгайиши керак. Ахборот тарқалишини қанча тезлаштирсак, қўллаб-қувватласак, шунча тез алмашинув юз беради. Инсонларда тафаккур шаклланади. Халқимиз илмли, онгли бўлади. Уни чеклагандан фойда йўқ. Ахборот арзон бўлиши керак, уни элтиб берувчи воситалар ҳам арзонлаштирилиши зарур.

ЎҚИНГ: Илон Маск самолёт, кема ва ҳатто фургонларга ҳам «фазовий» интернет етказиб бермоқчи!