«Аэрофлот»нинг “текин билет”ларини ким тарқатгани маълум бўлди

«Аэрофлот»нинг “текин билет”ларини ким тарқатгани маълум бўлди

Ўтган дам олиш кунларида ижтимоий тармоқларда «Аэрофлот»нинг 2 та бепул билетларини ютиб олиш таклиф қилинган постлар оммавий равишда тарқалган эди. Бу пост ўзбек аудиториясига россиялик интернет фойдаланувчилари орқали кириб келди.

Россиянинг компьютер жиноятларини аниқлашга ихтисослашган Group-IB компаниясининг маълум қилишича, “акция” ташкилотчилари Покистонда жойлашиб олишган. Улар «Аэрофлот» билан бирга, жаҳоннинг таниқли 18 брендлари, жумладан Emirates, Virgin America, Lufthansa каби аэропортлари номидан ноқонуний фойдаланишган.

Маълум бўлишича, бу жиноий ишлар бошида Исломобод шаҳрида истиқомат қилувчи 28 ёшлик ҳаккер турибди. У март ойидан бошлаб 95 та сайт кўринишидаги “қармоқ ресурс”ларни тайёрлаган ва ўз қурбонларини Facebook каби оммабоп ижтимоий тармоқлардан излаган. Май-июнь ойлари оммавий дам олиш мавсуми бўлгани боис, ҳаккер авиачипта одамларни “илинтириш”нинг энг осон йўли эканини тўғри тахмин қилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган постлар сохта сайтларга олиб борган ва у ерда алданганлардан фойдаланилган, улар тўғрисидаги маълумотлар олинган. Экспертларнинг фикрича, хавфли томони шундаки, бу ҳаккерлик тизими техник жиҳатдан модификация қилинган ва у ўзи кирган қурилманинг ожиз томонини билиб олгач, хоҳлаган пайтда унга ҳужум уюштириши мумкин.

Ҳаккерлар бу ҳужум ёрдамида пул маблағлари ва шахсий суратларни ўғирлашлари, маълумотлардан фойдаланиб шантаж усулларини йўлга қўйишлари ва смартфон эгасининг суҳбатларини тинглашлари мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай тармқоларда асосан троян вирусларидан фойдаланилади. Бундай вазиятда кибер хуружлар қурбони бўлмаслик учун турли аккаунтлардаги ва ҳисоб рақамдаги паролларни зудлик билан ўзгартириш керак.

Интернет тармоғида ҳар қандай кўринишдаги акцияларда иштирок этишдан аввал “текин пишлоқ қопқонда бўлади”, деган нақлни унутмаслик — мақсадга мувофиқ.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!