Афсонанинг интиҳоси: "Angry Birds" ўйини Google Play Store'дан олиб ташланмоқда

Афсонанинг интиҳоси:

Сенсорли смартфонлар эндигина оммалашаётган бир вақтда улар учун чиқарилган Rovio'нинг Angry Birds ўйини ҳақиқий муваффақият бўлди. Ўйин шу қадар машҳур бўлиб кетган эдики, ҳозирда унинг бир қанча давомий қисмлари ва ҳатто, анимацион филмлари ҳам мавжуд. Бироқ, афсонавий ўйиннинг оригинал қисми эндиликда Play Store'да олиб ташланмоқда.

Rovio Entertainment компанияси ўзининг расмий Twitter саҳифасида муҳим хабарни эълон қилди. Унга кўра, "Rovio Classics: Angry Birds", яъни оригинал Angry Birds ўйини 26 феврал куни Google Play Store'дан олиб ташланади. Қизиғи шундаки, ўйиннинг iOS версияси App Store'да қолади, лекин унинг номи "Red's First Flight"га ўзгартирилади.

"Биз "Rovio Classics: Angry Birds" бизнесини кўриб чиқдик ва ўйин бизнинг кенгроқ ўйинлар портфелимизга таъсир қилиши туфайли биз "Rovio Classics: Angry Birds"ни 23 феврал, пайшанба куни Google Play дўконида рўйхатдан чиқаришга қарор қилдик." дейилади эълонда.

The Verge нашридан Жей Питерснинг ёзишича, Rovio ўзининг оригинал Angry Birds пулли ўйинини одамларни микротрансакциялар орқали даромад олиб келадиган бошқа Angry Birds ўйинларига ундаш учун олиб ташламоқда. Албатта, ҳозирги оригинал Angry Birds ҳам пулли (0.99 доллар) ва у ҳам даромад олиб келади, бироқ унинг ичида ҳеч қандай сотиб олса бўладиган нарсалар йўқ ва бу билан у бошқа бепул Angry Birds ўйинларининг ички савдоларидан кўра камроқ даромад олиб келади. Гап шундаки, 1 долларлик ўйин одамларни бошқа бепул, лекин ички дўконларга эга ўйинлардан узоқлаштирмоқда.

Ўйин App Store'да қолдирилиб, унинг номи шунчаки ўзгартирилишига келсак, янги "Red's First Flight" номи билан ўйинни иловалар дўконидан топишингиз анча қийинлашади. Қолаверса, Rovio баёнотида ўйиннинг номи у "қайта кўриб чиқилгунга қадар" ўзгартирилади дейилган. Шундай экан, оригинал Angry Birds кун келиб App Store'дан ҳам олиб ташланаши эҳтимоли йўқ эмас.

Таъкидлаш жоизки, Angry Birds ўйини илк маротаба 2009 йилда чиқарилган эди. Орадан ўн йил ўтгач, 2019 йилда эса, оригинал ўйин ва унинг бир нечта давомий қисмлари ҳеч қандай тушунтиришларсиз Google Play Store ва App Store'дан олиб ташланди. 2022 йил март ойи охирида Rovio оригинал ўйинни илова дўконларига қайтарди, бироқ улар энди юклаб олиш учун пулли эди. Бугунги кунга келиб эса, ўйин Google Play Store'дан олиб ташланмоқда, App Store'да эса номи ўзгартирилмоқда.

Шундай қилиб, агар ҳақиқий Angry Birds ўйини мухлиси ва Android смартфон эгаси бўлсангиз унда Rovio Classics: Angry Birds ўйинини пайшанбагача сотиб олиб, юклаб олишга улгуриб қолинг. Албатта, юклаб олинган ўйинни у Play Store'дан олиб ташлангандан кейин ҳам ўйнаш мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Internet Explorer бизни бизни бир умрга тарк этди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!