Афсонавий беш смартфон

Афсонавий беш смартфон

Ёрқин экран, иккита камера ва интернетга доимий кириш имкони – бу бугунги смартфонларга хос умумий жиҳатлар. Ҳозирда смартфонларнинг тури, ишлаб чиқарувчи компаниялар сони ҳам кўп. Бироқ энг биринчи смартфонлар ўтмишнинг муҳим бир қисми сифатида афсонага айланиб улгургани ҳам бор гап. Қуйида ана шундай афсонавий смартфонлар бешлиги билан таништирамиз ва уларни ёдингизга соламиз.

iPhone – биринчи ва асосий

Ким нима чиқаришидан қатъий назар, смартфонлар етакчиси бу Apple компаниясидир. Айнан “тишланган олма”чилар “қўнғироқчи” телефон ишлаб чиқарувчиларни ортда қолдириб, илк “компьютер телефон”ларни бозорга олиб кирган.

Эслаб қолинг: 2007 йил 9 январь. MacWorld Expo конференциясида Стив Жобснинг шахсан ўзи iPhone OS асосида ишловчи, 17 та илова ўрнатилган илк смартфонни тақдимот қилган.

Смартфон ўшанда 620 МГц частотали Samsung S3C6400 процессор, 128 Мб оператив хотира, 3,5 дюймли сенсор экран (ҳажми 320×480 нуқта), 2-мегапиксель камера, Wi-Fi ва Bluetooth-адаптерга эга эди. Ҳозирда унинг ўша пайтдаги нархлари бир оз эриш туюлади: 4 ГБ хотирали iPhone 499 АҚШ доллари, 8 ГБ хотиралиси эса 599 АҚШ доллари нархида эди. Унчалар ишончли бўлмаса-да, MMS ва 3G`ни “қўллай олмаса” ҳам, тугмачасиз, чиройли, қулай янги телефон, яъни илк смартфон кўпчликнинг оромини ўғирлаганди.

Ericsson R380S – биринчиларнинг биринчиси

Смартонлар тарихида энг биринчи сифатида IBM Simon («Тармоқ» фильмидаги фантастик гаджетни эслайсизми?) бўлса-да, унда “смартфон” сўзи ишлатилмасди. Шунинг учун 2000 йилда ишлаб чиқарилган ва iPhone`дан фарқ қиладиган Ericsson R380s`ни «нолинчи рақамли смартфон», дейиш мумкин.

Нархи 1000 АҚШ(!) доллари эди. 169 граммлик девайс 950 мАс қувватли батарея (2-3 кунга етган), 1,2 МБ (ГБ эмас!), қайтарма клавиатура, ноодатий йирик (3,5 дюйм, 120х360 нуқта) экранга эга эди. Орадан 2-3 ой ўтиб, қурилма 650 долларга тушиб кетади. Бироқ Ericsson R380s кўпчилик учун эришиб бўлмас афсонага айланиб қолган.

HTC Dream – илк Android смартфон

HTC Dream Google Android бошқаруви остидаги  илк смартфон бўлди. Дастлаб американинг T-Mobile алоқа оператори магазинларида T-Mobile G1, бошқа бир қатор мамлакатларда эса HTC Omni номида сотилганди. Гап унинг номида ҳам эмас, албатта. Орадан бир неча ой ўтиб, смартфонга буюртмалар миқдори уч баробар ортиб кетади. Буни ишлаб чиқарувчилар ҳам кутмаган эди.

Гаджет Android 1.6, Qualcomm 7201(528 МГц частота) процессор, 192 МБ оператив ва 256 МБ ички хотира, шунингдек, Bluetooth, miniUSB, Wi-Fi, 3-Мп камера, GPS модуль, microSD хотира картаси билан таъминланган эди. Тўпламга кўпчилик кўникмаган ўрнатма QWERTY-клавиатура қўшилганди.

Nokia 7650 – илк камерофон

Бугунги давр фойдланувчилари учун камера асосий жиҳат саналади. Nokia буни олдиндан кўра билган. Слайдер Nokia 7650 ана шундай мукаммал камерага эга илк смартфон саналади. Symbian OS v6.1 асосида ишловчи гаджет чиқарилганидан сўнг, у кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлди.

Рангли 2,1-дюйм экран(208х176 нуқта) расмнинг барча жиҳатларини акс эттира олмаган бўлса-да,  бу ўша давр учун муҳим кўрсаткич эди. Бироқ Nokia 7650 телефони мукаммал суратга олиш имкониятини берувчи камераси билан тарихга кирди ва афсонага айланди.

Galaxy Note – биринчи фаблет

Унинг тақдири ҳам Ericsson R380S`га ўхшаб кетади. “Биринчи фаблет” расман HTC Advantage (х7500) саналади, лекин 2007 йилда “фаблет” атамаси истеъмолда мавжуд эмасди. Шунинг учун Samsung компаниясининг телефон ва планшетни ўзида жамлаган “фарзанди”ни “илк фаблет”, десак хато бўлмайди.

Гаджет Super AMOLED-дисплей, икки ядроли процессор ARM Cortex-A9, 1 ГБ оператив ва 16 ГБ ички хотира, иккита камера (саккиз ва икки  мегапиксель), қуввати 2500 мАс (беш йил аввал яхши кўрсаткич саналган) аккумуляторга эга эди.

Хулоса қилиб айтганда, тез тараққий этиб бораётган бугунги даврда янги қурилмалар қисқа вақт ичида тарихга айланиб улгураяпти. Бугун қўлингизда турган, кўзингизни қувнатаётган ускуна яна саноқли йиллардан сўнг афсонага айланса, ширин хотираларни ёдингизга солса, ажаб эмас.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!