Афсонавий “динозавр” – НР иккига бўлиниб кетди

Афсонавий “динозавр” – НР иккига бўлиниб кетди

Бундан бир йил муқаддам Hewlett-Packard Company (HP) компанияси икки қисмга ажралиши режаси ҳақида эълон қилиб, мазкур жараён 2015 молиявий йил сўнгига қадар давом этишига ваъда берган эди. Ниҳоят компания  реструктуризация жараёни ниҳоясига етиб, эндиликда бир-бирига алоқадор бўлмаган иккита мустақил компания сифатида фаолият кўрсатаётганини расман маълум қилди.

“Кремний водийсининг бобокалони” ҳисобланган НР технологиялар бозоридаги 70 йиллик тарихидан сўнг иккита қисмга бўлинди. Эндиликда бозорда икки тузилма мавжуд бўлади: HP Inc. компанияси истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан машғул бўлса, иккинчиси – Hewlett-Packard Enterprise фақатгина корпоратив мижозларга хизмат кўрсатади. Компаниялар 2 ноябрдан мустақил иш бошлайди.

Компанияларнинг ойдинлик киритишича, мазкур ўзгариш турли йўналишларда мустақилликни таъминлаш, технологик тараққиётга эришиш мақсадида амалга оширилди. Ажрашиш аниқ ва муайян ишланмаларга эътиборни жалб қилиш ҳамда бизнесда рақобатбардошликни оширишга имкон беради. Зеро, айнан кучли рақобат сўнгги вақтларда компанияларга катта зарар келтирмоқда. Бу, айниқса шахсий компьютерлар ишлаб чиқариш соҳасида яққол кўзга ташланмоқда. Рақобатчилардан халос бўлиш мақсадида компания 2002 йилда ўзининг рақиби бўлган Compaq компаниясини сотиб олди, бироқ “кам тажрибага эга” янги компаниялар билан чинакамига беллаша олмаяпти (айниқса Lenovo билан).

Бугунги кунда НР компаниясини кўпроқ динозаврга ўхшатишмоқда. У ёш ва мослашувчан компанияларга қарши тура олмаяпти. Бу молиявий масалаларда ҳам ўз аксини топди — НР компаниясининг бозор қиймати тахминан 50 миллиард долларни ташкил этади. Айни пайтда Facebook, Alphabet (Google эгалик қилади) ва Apple қиймати мос равишда 300, 400 ва 700 миллиард доллардан иборат. Амалга оширилган ислоҳотлар, эҳтимол, америкалик гигантга яна технологиялар чўққисига чиқишга имкон беради.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.