«Аҳмадбойча» фирибгарлик: Twitter’ни бузиб кирган хакерлар Apple, Илон Маск ва бошқалар аккаунтларидан биткоин ўғирлашди!

  •   DiMaX
  •  496
  •  16.07.2020 11:51

«Аҳмадбойча» фирибгарлик: Twitter’ни бузиб кирган хакерлар Apple, Илон Маск ва бошқалар аккаунтларидан биткоин ўғирлашди!

Номаълум хакерлар Twitter ижтимоий тармоғининг муҳофазасини бузиб киришди. Улар фирибгарлик мақсадларида бу сервисдаги энг оммабоп аккаунтлар номидан фейк постлар эълон қилишган.

ЎҚИНГ: Huawei нега куракда турмайдиган сўзлар билан Apple’ни ҳақоратлади?

Хакерлар турли энг машҳур аккаунтлар номидан бир хил пост чиқаришган: уларда биткоин-ҳамёнга пул ўтказишни сўрашган ва кейинчалик уни икки баравар қилиб қайтаришга ваъда беришган.

Шу тариқа фейк таклифлар машҳур бизнесменлардан Илон Маск, Билл Гейтс, Жефф Безос кабиларнинг, шунингдек, Apple, Uber ва Ripple сингари компанияларнинг аккаунтларидан чоп этилган.

Буни қарангки, ушбу алдовга учганлар кўп бўлган – бир соатга ҳам етмасдан, кўрсатилган криптоҳамёнга жами 100 минг доллардан ошиқ маблағ ўтказишган!

ЎҚИНГ: Дубайда қўлга олинган Instagram юлдузининг уйидан 37 миллион доллар пул ва 13 та люкс автомобил чиқди

Бундан ташқари, хакерлар Twitter’даги барча энг йирик криптовалюталар (Bitcoin, Ripple) ҳамда криптовалюта биржалари (Coinbase, Coindesk) расмий аккаунтларини ҳам бузиб киришган. Фирибгарлар уларнинг номларидан фишинг сайтига элтувчи ҳаволани эълон қилишган; бу сайт орқали эса бошқа фойдаланувчиларнинг криптоҳамёнлари паролларини йиғишган.

Кўриниб турибдики, аккаунтларнинг эгаллаб олиниши Twitter’нинг ўзидаги ҳимоя заифлиги ортидан юз берган. Ижтимоий тармоқ техник қўллаб-қувватлаш хизмати кейинроқ маълум қилишича, сервисдаги муаммоларни бартараф этишга киришишган. Биринчи навбатда бузиб кирилган аккаунтларда фирибгарлар эълон қилган барча хабарларни ўчиришган. Барча тасдиқланган (кўк галочка олган) фойдаланувчиларнинг бирор пост эълон қилишига вақтинчалик чеклов қўйилган.

Компаниянинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқнинг ички тизимларига киришда фирибгарлар Twitter ходимларининг аккаунтларидан фойдаланишган, уларни эса алдов йўли билан қўлга киритишган. Ҳозир бу иш юзасидан тергов-қидирув ишлари кетяпти, хакерлар яна қандай маълумотларни қўлга киритган бўлишлари мумкинлиги ўрганиляпти.

ЎҚИНГ: Хакерлар ва фирибгарлар коронавирусдан фойдаланиб, пластик карталардан пул ўғирлашмоқда!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!