Airbus самолётлари дронларни ишдан чиқарувчи тизимга эга бўлади

Airbus самолётлари дронларни ишдан чиқарувчи тизимга эга бўлади

Самолёт ишлаб чиқарувчи Airbus Group компанияси учувчисиз парвоз воситаларига қарши кураш тизимини ишлаб чиқди. Бу ҳақда компаниянинг Defence and Space бўлинмаси Лас-Вегасда бўлиб ўтган электроника маҳсулотлари истеъмолчилари кўргазмасида маълум қилган.

Авиация саноатининг қолган вакиллари қатори дронлар ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланаётгани Airbus’ниям ташвишга солмоқда. Боиси дронлардан аэропортлар яқинида, самолётларнинг парвоз нуқталарига яқин жойда, мумкин бўлмаган ҳудудларда, қамоқхоналарга тақиқланган маҳсулотларни ташишда фойдаланиш натижасида бир қанча тартиббузарликлар келиб чиқмоқда.

Кўргазмада намойиш этилган дронларга қарши технологиянинг намунавий дастурида кўрсатилишича, бу технология радар тизимида ишлайди ва ноқонуний ҳудудларда парвозни амалга ошираётган дронларни 11 километрдан туриб аниқлайди ва унинг бошқарув маркази билан алоқасини тўсиб қўйиш орқали ишдан чиқаради. Шунингдек, самолёт учувчиси дроннинг ердаги бошқарув нуқтасини ҳам аниқлаши ва бу тўғрида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига хабар бериши мумкин.

“Бугун дунё миқёсида учувчисиз бошқариладиган учар мосламаларнинг одамлар ҳаётига хавф солиши, аэропорт, завод ва корхоналар фаолиятига халақит қилаётгани, давлат чегараларини ноқонуний бузаётганидан хабаримиз бор. Электроника ҳимоясига масъул ташкилот сифатида биз етарли технология ва тажрибага эгамиз,” дейди бўлинманинг электроникалар ва чегара хавфсизлиги бўйича масъули Томас Мюллер.

Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, учувчисиз мосламаларнинг 120 метрдан зиёд бўлмаган баландликкача парвоз қилиши, ундан кўп аҳоли тўпланадиган ва яшайдиган жойларда, аэропорт ва самолёт яқин учадиган жойларда фойдаланмаслик мақсадга мувофиқ.

Йўловчи, юк ва ҳарбий-транспорт самолётларини ишлаб чиқарувчи Airbus компанияси 3000 сафар сумкаси ва 525 йўловчига мўлжалланган жаҳоннинг энг катта тижорат ҳаво лайнери – Airbus A380’ни ишлаб чиқаради. 55 минг ходимга эга компания бугунгача 15 мингдан зиёд самолётларни ишлаб чиқарган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!