Ака-укалик стартапи: дунёнинг энг ёш миллиардерлари

Ака-укалик стартапи: дунёнинг энг ёш миллиардерлари

Дунёдаги энг ёш миллиардерлар дея 2016 йил ноябридан буён Stripe мобил тўлов сервиси асосчилари ака-ука Жон ва Патрик Коллисонлар ҳисобланади, улар тегишли равишда 26 ва 28 ёшда. Молиялаштиришнинг навбатди даврасидан кейин инвесторлар компанияни 9,2 миллиард долларга баҳолади, натижада ака-укаларнинг Stripe капиталидаги улушлари 1,1 миллиард долларга (ҳар бирида) етди, деб ёзади Daryo.uz.

Ўз стартапига ёш ирландияликлар 2011 йилда асос солган, ўшанда Жон Гарвард университетидаги, Патрик эса Массачусетс технология институтидаги ўқишини ташлаган эди. Улар iOS ва Android’да ишловчи мобил дастурлар, сайтларнинг мобил версиялари билан осон интеграциялашадиган тўлов тизимини яратди. Тезда Sequoia Capital, Andreessen Horowitz каби машҳур венчур фондлар, шунингдек, PayPal асосчилари Питер Тил, Макс Левчин, Илон Маск лойиҳага ишонч билдирди. Бугунги кунда лойиҳага киритилган венчур сармояларининг умумий қиймати 440 миллион доллардан ошади.

Энди Stripe BestBuy ва Adidas каби йирик сотувчилар, Американинг оммабоп такси сервислари, ресторандан таом келтириб берувчи сервислари, краудсорсинг курьерлик хизматлари билан ишлайди. Бунинг устига, Stripe Facebook ичидаги, KickStarter ва IndieGogo краудфандинг платформаларидаги тўловларни таъминлайди, Twitter’га харидлар билан экспериментларни амалга оширишда ёрдам беради, Apple билан эса ApplePay ишга тушгунича ишлаган.

Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Stripe ичидаги транзакциялар ҳажми йилига 20 миллиард доллардан ошади, даромад эса йилига 450 миллион долларни ташкил қилиши  мумкин.