AКТ соҳасида Беларусь билан самарали ҳамкорлик

  •   DiMaX
  •  217
  •  01.06.2021 12:04

AКТ соҳасида Беларусь билан самарали ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходимларининг Беларусга «ТИБО-2021» XXVII Халқаро ахборот-коммуникация технологиялари форумида иштирок этиш учун жўнаб кетгани ҳақида ёзган эдик. Ушбу ташриф доирасида Ш. Содиқовнинг Беларус Республикаси Aлоқа ва ахборотлаштириш вазири Константин Шулган билан учрашуви бўлиб ўтди, дейилади вазирлик хабарида.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда интернет тезлиги уч баробарга ўсиб, Speedtest рейтингида юқорилади

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси AКТ вазири Ўзбекистон билан Беларусь ўртасида AКТ соҳасидаги шериклик муносабатлари узоқ тарихга эга эканлигини таъкидлади. Ҳозирги кунда рақамли технологиялар соҳасида Беларусь Республикаси билан ҳамкорлик ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар асосида амалга оширилмоқда.

Масалан, телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорлик доирасида «Ўзбектелеком» AК ва «Белтелеcом» Республика унитар корхонаси халқаро телефон ва телеграф алоқаларининг ўзаро хизматларини тақдим этмоқдалар. Шу билан бирга, авиа ва ер усти алоқа орқали почта алмашинуви, шу билан бирга, почта пул ўтказмалари ҳам йўлга қўйилган.

IT тадбиркорлик ва стартап ҳаракатини ривожлантиришда ҳамкорлик олиб бориш ва тажриба алмашиш устувор йўналишлардан биридир. 2017 йилдан бошлаб, Юқори технологиялар парки билан ҳамкорлик олиб бориш ва тажриба алмашиш йўлга қўйилди. Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик паркини яратишда ва ривожлантиришда Беларусь давлати тажрибаси ўрганилди ва фойдаланилди.

IT соҳасини янада такомиллаштириш, рақобатбардош ва истиқболли дастурий маҳсулотларни яратиш, чет эл давлатлари учун AТ хизматлари аутсорсингини кенгайтириш ва AТ сифатини яхшилаш мақсадида 2019 йил 10 январда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Park) ташкил этилди.

Ҳозирги кунда IT-Парк резидентлари 484 та ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган компаниялар бўлиб, 60 та экспортга йўналтирилган ва 14 та компания хорижий капитал иштирокида ташкил этилган. «EPAM Systems», «SoftClub», «Эксадель» каби қатор Беларусь IT-компаниялари IT-Park резидентлари ҳисобланади.

Бугунги кунда IT-Park билан ҳамкорликда мамлакат бўйлаб Рақамли технологияларга ихтисослашган ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Ҳозирда республика бўйича 132 та IT-марказ фаолият юритмоқда. Бундай марказлар ҳудудлардаги ёшларга рақамли технологиялар асосларини ўргатиш, шунингдек, AКТ соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш учун хизмат қилмоқда.

AКТ соҳасидаги мутахассисларни ҳамкорликда ўқитиш ва малакасини ошириш доирасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Беларусь Республикаси Президентининг 2018 йил сентябр ойида Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан ҳамкорликда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган ҳамкорлик асосидаги факультет (ТAТУ-БДИРУ) ташкил этилди.

Бугунги кунда ҳамкорлик асосидаги факультетнинг биринчи курсда 361 нафар талаба, иккинчи курсда 484 талаба учта йўналиш, яъни «Aхборот технологиялари дастурий таъминоти», «Дастурлаштириладиган мобил тизимлар» ва сунъий интеллект бўйича таълим олмоқдалар. Факультетда ўқитиш «2 + 2» модели асосида амалга оширилади: дастлабки 2 йиллик ўқиш ТAТУ ва унинг минтақавий филиалларида, кейинги 2 йил эса БДИРУда бўлиб ўтади. Талабалар ўқишни битиргандан сўнг иккала университетнинг дипломига эга бўладилар.

Электрон ҳукумат соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланиб, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва Беларусь Республикаси Электрон хизматлар миллий маркази мутахассислари томонидан бир қатор онлайн учрашувлар ўтказилди. Суҳбат давомида электрон ҳукумат соҳасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

ЎҚИНГ: АКТ вазирлиги: интернет нархи яна 30 фоизга пасайди, каналлар ҳажми 30 баробарга оширилди...

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!