АКТ вазирининг саҳифаси Facebook'дан расмий мақом олди

АКТ вазирининг саҳифаси Facebook'дан расмий мақом олди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаевнинг Facebook тармоғидаги саҳифаси расмий мақомга эга бўлди.

Ижтимоий тармоқдаги саҳифа кузатувчилари билан виртуал мулоқот ўзаро ишончли ахборотга асосланади. Фойдаланувчилар тасдиқланган саҳифа орқали вазир фаолияти, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги расмий янгиликларни бевосита кузатиб боришлари мумкин.

Саҳифанинг расмий мақомга эга бўлиши сохта профиллар ҳамда ёлғон хабарлар тарқалишига чек қўяди, маълумотларни тез ва осон ажратиб олишга хизмат қилади. Facebook тармоғининг қидирув тизими фойдаланувчига калит сўзлар бўйича биринчи бўлиб тасдиқланган саҳифадаги ахборотларни тақдим қилади.

Facebook 2013 йилнинг май ойидан бошлаб йирик аудиторияга эга давлат ва жамоат арбоблари, жумладан раҳбар ва сиёсатчилар, таниқли шахсларга кўк рангли тасдиқ белгисини бериб келади.

Айтиш жоизки, давлат мулозимларининг виртуал оламда ҳозир бўлишлари соҳалардаги коррупция, тизимдаги сансалорлик, жойлардаги камчиликларнинг олдини олади. Халқ бирор соҳанинг раҳбари билан орасида тўсиқ ёки масофа йўқлигини ҳис қилса, ўзига бўлган ишонч ҳамда ҳақини ҳимоя қилишга бўлган ҳис ошади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!