AliExpress асосчиси топилди: Жек Ма уч ой давомида қаерда эди?

  •   DiMaX
  •  1578
  •  21.01.2021 11:44

AliExpress асосчиси топилди: Жек Ма уч ой давомида қаерда эди?

Хитойлик энг бой миллиардернинг сирли йўқолиши (қарийб уч ой кўриниш бермади) жаҳон матбуоти ва бизнес ҳамжамиятини озмунча ташвишлантиргани йўқ. Бироқ хавотирлар ўринсиз – Жек Ма соппа-соғ ва омон. Бир қатор хориж оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарлар шундан далолат беради.

ЎҚИНГ: Хитой ҳукумати AliExpress асосчисига қарши уруш очди

Хитой ОАВларига кўра, Alibaba Group асосчиси Ханчжоудан унча олис бўлмаган бошланғич мактабга борган, қолаверса, кеча – 20 январь куни қишлоқ ўқитувчилари ташаббусларига бағишланган онлайн-тадбирда қатнашган.

Энг бой хитойлик ($50,9 млрд.) Ant Group молия-техника компанияси қимматбаҳо қоғозлари биринчи савдоси (IPO) арафасидаги 2020 йил 24 октябрдаги можароли нутқидан сўнг жамоатчилик кўз ўнгидан йўқолиб қолганди. Ўша нутқида Жек Ма ХХР молия тизимини танқид қилиб, инновациялар фурсати етганига урғу берганди.

Шундан сўнг Хитой ҳукумати «монополия иши» очиб, Alibaba»ни қаттиқ сиқувга олганди. Ма ҳамда ҳамкорлари Хитой қимматбаҳо қоғозлар қўмитасига чақирилиб, шўъба компанияси (Ant Group)нинг IPO’си бекор қилинганди.

Бунинг оқибатида, биржада $34 млрд. жалб этиш ўрнига, Alibaba акциялари 11 фоизга қадрсизланиб, компания капитал қийматининг $80 млрд.ини йўқотганди.

Жек Манинг йўқолиб қолиши борасидаги миш-мишлар турли-туман. Айримлар миллиардер Хитойдан қочиб кетган дейишса, яна бировлар уни «йўқолишга» мажбурлашган дейишади. Жек Ма бу орада Alibaba штаб-квартираси жойлашган Ханчжоуга муваққат «узлатга чекинган», деган гаплар ҳам йўқ эмас. Айрим манбалар бу ўтган даврда у тинмай ҳукумат билан музокаралар олиб бориб, ҳатто компанияларидан бирини миллийлаштиришга кўнганини таъкидлайди.

Хитой компартияси Жек Мани кечирдими? Эҳтимол, ҳукумат ҳам йирик корпорациянинг юқори даромадли бизнесини вайрон қилишни истамаётгандир. Булар бизга қоронғу. Аммо унинг қайтиши ҳақидаги хушхабардан сўнг Alibaba акциялари Гонконг биржасида салкам 6 фоизга қимматлашгани айни ҳақиқат.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда ҳам Alibaba Group расмий вакили иш бошлади

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!