Аллақачон «жанозаси ўқилган» Windows 7 тизимини Microsoft иккинчи марта бепул янгилаяпти!
Жорий йилнинг 14 январь куни Microsoft корпорацияси Windows 7’нинг истеъмолчиларга мўлжалланган версиясини қўллаб-қувватлашни расман тўхтатган. Лекин компания мазкур операцион тизим талқинининг «жанозаси ўқиган» бўлса-да, уни буткул «дафн этиш»га шошилмаяпти.
ЎҚИНГ: Microsoft аллақачон «жанозаси ўқилган» Windows 7’ни кутилмаганда бепул янгилаяпти!
Шу кунларда кутилмаганда Windows 7 учун навбатдаги янгиланиш тарқатилмоқда. Хўш, бундай қилишга Microsoft’ни нима ундаган?
Маълум бўлишича, корпорация Windows 7 фойдаланувчиларига ҳам Windows 10 тизимида мавжуд имкониятни тақдим этишга қарор қилган. Аниқроғи – Chromium движоги базасидаги Edge браузери энди KB4567409 рақамли тизим янгиланиши билан Windows 7 ҳамда Windows 8.1 юзерларига ҳам тарқатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, корпорация яқинда Microsoft Edge браузерини Windows 10 фойдаланувчиларига мажбурлаб тиқиштира бошлаган. Windows 7 тизимли компьютер ва ноутбукни янгилаганда, унда сўнгги талқиндаги Edge ўрнатилиб, топшириқлар панелига маҳкамланиб қолади. Лекин у тизимнинг ўзида мавжуд бўлган Internet Explorer ўрнига келмайди, яъни бу браузер ҳам ўз ўрнида қолади.
Шундай экан, Windows 7 ишлатаётганлар ушбу апдейтни эътиборсиз қолдирсалар ҳам бўлаверади, зеро, унда хавфсизлик патчлари ҳам йўқ.