Amazon бош директорлигини тарк этган Безоснинг бойлиги рекорд даражада ўсди

  •   DiMaX
  •  322
  •  08.07.2021 12:50

Amazon бош директорлигини тарк этган Безоснинг бойлиги рекорд даражада ўсди

6 июль кунги биржа савдолари якунларига кўра, Amazon асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги 8,44 миллиард долларга ўсиб, 211 миллиард долларга етди. Бу рекорд кўрсаткич, деб ёзади Bloomberg нашрига таянган ҳолда Daryo сайти.

ЎҚИНГ: Сайёрадаги энг бой одам фазога энг кекса учувчи аёлни олиб чиқмоқчи

Бундан аввалги максимал кўрсаткич январь ойида қайд этилган. Ўшанда Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маскнинг бойлиги 210 миллиард долларга етганди. Bloomberg маълумотларига кўра, сўнгги ойларда Маскнинг бойлиги 181 миллиард долларгача камайган.

Март ойининг ўрталаридан буён Amazon акцияларининг қарийб 20 фоизга ўсиши фонида Безоснинг бойлиги ҳам ўсмоқда. Агентликнинг таъкидлашича, бундай ўсишга Пентагоннинг 2019 йилда Microsoft билан тузган 10 миллиард долларлик «булутли» сақлаш инфратузилмасини яратиш бўйича шартномани бекор қилиши ҳақидаги янгиликлар ҳам таъсир кўрсатган.

Аввалроқ Безос суд орқали ушбу шартномани тўхтатиб туришга эришган эди. Тадбиркорнинг таъкидлашича, АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп унга нисбатан шахсий хусумат билан қарагани сабабли тендерда Amazon эмас, Microsoft ютиб чиққан. Энди Пентагон бир эмас, балки бир нечта таъминотчилар билан янги шартнома тузишни режалаштирмоқда. Пентагон вакилининг сўзларига кўра, ушбу масала бўйича Oracle, IBM ва Google билан ҳам музокаралар ўтказилиши мумкин.

Bloomberg маълумотларига кўра, Безос энг бой одамлар рейтингида биринчи ўринда туради (211 миллиард доллар; Forbes эса бизнесменнинг бойлигини 210,2 миллиард долларга баҳоламоқда). Иккинчи ўриндан Илон Маск (181 миллиард доллар), учинчи ўриндан 169 миллиард доллар бойлиги билан LVMH (Louis Vuitton Moet Hennessy) компаниялар гуруҳининг президенти Бернард Арно жой олган.

ЎҚИНГ: Миллиардер ҳақида миллиардларга тенг фактлар

Эслатиб ўтамиз, 5 июль куни Жефф Безос Amazon бош директори лавозимидан кетди. Лавозим Amazon Web Services компанияси собиқ раҳбари Эндрю Жессига топширилди. Бироқ Безос бошқарув кенгаши раиси бўлиб қолади.

57 ёшли Безос эндиликда компаниянинг истиқболли маҳсулотларига эътиборини қаратмоқчи ва бошқа активларига, шу жумладан, хайрия фондлари, The Washington Post газетаси ва Blue Origin космик компаниясига кўпроқ вақт ажратиш ниятида.

Жефф Безос 20 июль куни Blue Origin компаниясининг космик кемасида укаси Марк Безос билан суборбитал парвозни амалга оширади. Шунингдек, Безос 82 ёшли америкалик учувчи аёл Уолли Фанкни ўзи билан бирга коинотга учишга таклиф қилди.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг бой одамдан аввал бошқа миллиардер коинотга чиқади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!