Amazon`нинг илк реал китоб дўкони иш бошлади

Amazon`нинг илк реал китоб дўкони иш бошлади

Арзон ишчи кучи ва замонавий қулайлик ёрдамида онлайн савдо-сотиқда осон муваффақият қозонган, интернет хизматларини кўрсатувчи Американинг йирик Amazon компанияси 3 ноябрь куни китоб ихлосмандлари учун АҚШнинг Сиэтл шаҳрида ўзининг илк реал китоб дўкони эшикларини очди.

Китоб дўкони компания асос солинган Сиэтлдаги Юниверсити Виллиж очиқ савдо марказида фаолият кўрсатади. 510 квадрат метр савдо майдони ҳамда 5 минг дона китобга эга дўконнинг анъанавий китоб дўконларидан фарқи шундаки, бу ерда онлайн тармоқда эҳтиёж ва талаб энг юқори бўлган китоблар савдога чиқарилади. Витриналарда китобларнинг олд ва орқа муқовалари харидорларга қаратилган ҳолда жойлаштирилгани китобхонларга ўзларининг севимли муаллифлари ва китобларини осон топиб олишлари учун қулайлик яратади.

Гарчи ушбу савдо расталарида компаниянинг Kindle ҳамда Fire электрон китоб ўқиш қурилмалари намойиш қилинса ҳам, китобхонларга Amazon’нинг онлайн дўконларидан электрон китобларни харид қилиш тавсия қилинмайди. Дўкондаги китоб нархларининг компаниянинг виртуал дўконларидаги нархи билан бир хиллиги ҳисобга олинса, компаниянинг мазкур лойиҳадан фойда кўриши гумон. Бу эса лойиҳанинг жамоатчиликнинг диққат-эътиборини жалб қилиш мақсадида амалга оширилаётганини кўрсатади.

Компаниянинг илк оффлайн дўкони эса 2014 йилда ишга тушган.

1994 йилда асос солинган компания дунёдаги энг серсув Амазонка дарёси шарафига шундай номланган. 1998 йилгача интернет дўконида фақатгина китоблар сотилган. Бугунги кунга келиб, виртуал маркетда минглаб турдаги маҳсулот савдога чиқарилади. Интернет дўконининг электрон платформасидаги қулайликлардан бири шуки, у ерда мижозлар ўзлари сотиб олган маҳсулотлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлаша оладилар.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!