Андижонда икки йилда 16 та рақамли технологиялар ўқув маркази очилади

  •   DiMaX
  •  199
  •  25.05.2020 15:04

Андижонда икки йилда 16 та рақамли технологиялар ўқув маркази очилади

Андижонда замонавий инфратузилмага эга бўлган Digital City номли технопарк ташкил этилганлигидан хабарингиз бор. Мазкур даргоҳ вилоят аҳолиси, шу жумладан ёшлар учун компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ўргатишга ҳам мўлжалланган, деб ёзади АКТ вазирлиги.

ЎҚИНГ: Ўзбек тадқиқотчиси коронавирусга қарши қурилма яратди!

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида доимий равишда иш олиб бормоқда.

Хусусан, Андион вилоятида жорий йил якунига қадар 6 та рақамли технологиялар ўқув маркази, 2021 йил якунига қадар барча шаҳар ва туманларда жами 16 та IT-Марказ очилиши режалаштирилган ҳамда йилига 5 мингдан зиёд ёшларни ўқитиш ва ахборот технологиялари йўналишидаги ўқитувчиларнинг малакасини ошириш имконияти яратилади.

2020 йил якунига қадар вилоятдаги 764 ўрта умумтаълим мактаблардаги 19,2 минг нафар 7-11 синф ўқувчиларини «Бир миллион ўзбек дастурчи» («One Million Uzbek Coders») лойиҳаси доирасида ўқитиш ва ўқишни муваффақиятли якунлаган тингловчиларни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига онлайн тизим (сиртқи) ўқишга қабул қилиш белгиланган.

Шунингдек, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида Андижон Digital City технопарки резидентлари билан турли хил амалий машғулотлар, лаборатория дарслари ўтказилади, қўшма лойиҳалар, фриланс ҳамда стартап лойиҳаларини амалга ошириши режалаштирилган.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида 2022 йил якунига қадар Андижон вилояти бўйича АКТга истисослашган 4 мингдан зиёд малакали мутахассислар ва янги иш жойлари яратилади.

Маълумот учун: Андижон вилоятида жами 3,1 миллион аҳоли мавжуд. Шундан 8-30 гача бўлган ёшлар 1,2 миллион (39 фоиз) ташкил этади. Ҳозирда вилоят бўйлаб 764 мактабларда ахборот технологиялари йўналишида 1 228 нафар ўқитувчи фаолият олиб бормоқда ва мактабларда ташкил этилган 711 та тўгаракларда 48,5 минг тингловчи ўқитилди.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича дунё рейтингида 37 поғона кўтарилди

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.