Android 10 тақдим этилмасидан Android 11 эълон қилинди: Google унга «имконсиз» функцияни қўшяпти!

  •   DiMaX
  •  3172
  •  22.05.2019 14:51

Android 10 тақдим этилмасидан Android 11 эълон қилинди: Google унга «имконсиз» функцияни қўшяпти!

Google I/O конференцияси доирасида қидирув гиганти Android Q операцион тизимининг тўлақонли анонсини берди. Бироқ уни барча фойдаланувчилар учун тақдим этишгани йўқ, ҳозирча фақат тестерлар унинг бета-версияларини синаб кўришяпти.

ЎҚИНГ: РАСМАН: Android Q учинчи бета-версиясигача янгиланувчи смартфонлар рўйхати

Google эса аллақачон ўн биринчи авлод операцион тизими – Android R талқинини тайёрлашга киришган. Кутилмаганда компаниянинг Android ишланмасига масъул вице-президент Дейв Бёрк (Dave Burke) бу ҳақда сўз очиб қолди. Бугина эмас, у шу пайтгача имконсиз ҳисобланган битта функциянинг Android талқинига жорий этилаётганини ҳам маълум қилган.

Айрим (Xiaomi, Huawei, Samsung каби) смартфонсозларнинг турли гаджетларида узун скриншотлар олиш функцияси мавжуд. Бунда очиқ турган саҳифанинг фақат экранда акс этаётган қисмини эмас, балки ўзини бутунича битта расм қилиб олиш мумкин. Мана бунга мисол:

Ўтган йилнинг июнида Pixel смартфонлари фойдаланувчилари Google’га мурожаат этиб, шуни Android’нинг ўзига – барча смартфонларда амал қиладиган тарзда жорий этишни сўрашган. Ўшанда компания ўз дастурчиларига мазкур топшириқни берган, аммо бир неча ой ўтгач, бу функцияни жорий этиш «имконсиз» эканини айтган эди.

Энди эса, Google I/O 2019 тадбирида Дейв Бёрк ушбу опцияни техник жиҳатдан амалга ошириш имкони топилганини айтди. Вице-президент узун скриншот олиш функцияси Android 11 R талқинига жорий этилаётганини ҳам айтиб ўтди. Тўғри, ўн биринчи «яшил роботча»ли тизим ҳали 2020 йилдагина тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Қайси смартфонлар эгалари Android Q’ни биринчилар қаторида синаб кўришади?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!