Android 11 билан чиқаётган дунёдаги учинчи смартфон – Galaxy M туркумидаги арзон модел!

  •   DiMaX
  •  925
  •  17.11.2020 12:08

Android 11 билан чиқаётган дунёдаги учинчи смартфон – Galaxy M туркумидаги арзон модел!

Samsung келаси йилга режалаштирган нақ еттита флагман ҳақида таниқли инсайдер Макс Вейнбах (Max Weinbach) хабар берган эди. Энди эса у компаниянинг навбатдаги арзон смартфонидан огоҳ этди.

ЎҚИНГ: Galaxy S21 серияси ҳақидаги барча асосий маълумотлар маълум бўлди!

Вейнбахнинг сўзларига кўра, жанубий кореялик корпорация Galaxy M сериясидаги яна битта телефонини тайёрламоқда. Ушбу туркумнинг олдинги вакиллари сингари, у ҳам Ҳиндистонда тақдим этилиб, асосан шу мамлакат бозорига мўлжалланади. Лекин, анъанага кўра, «Филлар ўлкаси»дан кейин уни бошқа юртларда ҳам сотувга чиқаришса керак.

Арзон туркумдаги янги смартфоннинг каталог рақами SM-F137G бўлиб, бозорга қандай модел сифатида тақдим этилиши ҳозирча аниқ эмас. Samsung уни саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 460 процессори билан таъминламоқда. Бу чипсет 11 нанометрлик технологик жараёнга асосланган бўлиб, самарадорлигига кўра Snapdragon 665 билан беллаша олади.

Кутилаётган арзон смартфоннинг эътиборли жиҳати – у қадоғиданоқ энг сўнгги – Android 11 операцион тизимида ишлашидир. Айтиш керакки, Google’нинг ўзи чиқарган қурилмалар – Pixel 5 ҳамда Pixel 4a 5G’ни ҳисобга олмаганда, ҳозир умуман бозордаги фақат иккитагина қурилма – OnePlus 8T ҳамда Vivo V20 моделларигина шундай хусусияти билан мақтана олади.

Компания бу арзон смартфонини жорий йилнинг охирида ёки келаси йил бошида расман намойиш этса керак. Android 11’гача янгиланувчи Samsung смартфон ва планшетларининг тўлиқ рўйхати билан эса мана бу ерда танишасиз.

ЎҚИНГ: Samsung Ўзбекистон: 30 ноябргача смартфон олинг – повербанк сизга совға!