Android 11 тизимли илк смартфонлар – Pixel 5 ҳамда Pixel 4a 5G чиқди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  725
  •  03.10.2020 12:09

Android 11 тизимли илк смартфонлар – Pixel 5 ҳамда Pixel 4a 5G чиқди! (+видео)

Қидирув гиганти августнинг бошида Pixel 4a смартфонини тақдим этганида, кейинроқ унинг 5G-версиясини ҳам чиқаришини айтган эди. Куни кеча шу – Pixel 4a 5G ҳамда мутлақо янги Pixel 5 смартфонлари намойиш этилди.

ЎҚИНГ: iPhone SE 2020 vs Pixel 4a vs OnePlus Nord: камера жангида кутилмаган ғолиб! (видео)

Бу икки модел қадоғиданоқ Android 11 операцион тизим талқини билан тақдим этилган илк смартфонлардир. Уларнинг афзалликлари қаторида яна ихчамлиги ва OLED-экранли эканлигини таъкидлаш мумкин. Қолган жиҳатларига кўра улар… оддий ўртача смартфонлар бўлиб чиқди, ҳаттоки Google Pixel 5 модели ҳам флагман хусусиятларига эга эмас!

Умумий жиҳатлари

Pixel 4a 5G модели ҳам, Pixel 5 ҳам Qualcomm Snapdragon 765G процессори базасига қурилган. Мазкур чипсет самарадорлик бўйича рекордга даъво қилмайди, аммо бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўлловчи Snapdragon X52 модемини ҳамда Titan M хавфсизлик модулини ўзида жамлаган.

Google бу иккита смартфонини айни бир хил камералар жамланмалари билан ҳам таъминлаган. Бош камера қўшалоқ бўлиб, ундаги 12,2 мегапикселлик асосий сенсор фазавий фокуслаш ҳамда қўшма (оптик ва электрон) барқарорлаштириш тизимларига эга. Бу датчикка дифрагмаси F/1,7 ҳамда кўриш бурчаги 77 даражали объектив бириктирилган. Иккинчи модул эса 16 мегапикселлик аниқликка эга; унда F/2,2 диафрагмали ва кўриш бурчаги 107 даражали объектив қўлланган.

Pixel 5

Pixel 4a 5G ҳамда Pixel 5 смартфонларининг олд камералари 8 мегапикселлик; унга F/2,0 диафрагмали ва кўриш бурчаги 83 даража бўлган объектив бириктирилган. Селфи-камера сониясига 30 кадр тезлигида Full HD видео ёза олади; бош камера эса 60 кадр/сония тезлигида 4К-видео ёзиб олишга қодир.

Иккала моделнинг муштарак жиҳатларидан яна қуйидагиларни санаб ўтиш керак: 128 гигабйтлик доимий хотира; стереофоник карнайлар; 18 ваттлик тезкор қувватлаш; USB 3.1 Gen 1 Type-C порти; Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0+LE ҳамда NFC модуллари.

Фарқларига келсак...

Pixel 5 моделининг OLED-экрани диагоналига 6 дюймлик бўлиб, 2340х1080 пикселлик аниқликда тасвир узата олади. Кадр янгиланиш частотаси 90 герц бўлган дисплей юзасига Gorilla Glass 6 ҳимоя шишаси ётқизилган.

Pixel 4a 5G смартфонида ҳам OLED-матрица қўлланган, лекин унинг ўлчами диагоналига 6,2 дюймга тенг. Дисплейнинг частотаси оддий, тасвир узатиш формати 2340х1080 пикселлик; унинг муҳофазаси учун Gorilla Glass 3 шишаси қўлланган.

Pixel 4a 5G

Ҳар иккала смартфонда ҳам тезкор хотира учун LPDDR4 тоифали чиплар қўлланган, лекин Pixel 5 моделида унинг ҳажми 8 гигабайт бўлса, Pixel 4a 5G девайсида – 6 гигабайт.

Pixel 5 моделининг алюминийдан ишланган корпуси IP68 даражасида ҳимояга эга. Google унга учта микрофон ўрнатган, бироқ 3,5 миллиметрлик стандарт қулоқчин тирқиши қўймаган. Смартфоннинг 4000 мА/соатлик аккумуляторига симсиз қувватланиш ва реверсив зарядка (бошқа девайсларга қувват бериш) технологиялари жорий этилган.

Pixel 4a 5G корпуси эса поликарбонатдан ишланган, унда иккита микрофондан ташқари стандарт қулоқчин тирқиши ҳам қўлланган. Бу смартфоннинг 3800 мА/соатлик батареясида симсиз қувватланиш хусусияти йўқ.

Pixel 5 корпусининг ўлчамлари 144,7х70,4х8,0 миллиметрлик бўлиб, 151 грамм тош босади. Pixel 4a 5G моделида эса бу кўрсаткичлар тегишлича 153,9х74,0х8,2 миллиметр ва 168 граммга тенг.

Бу икки смартфонга бағишлаб тайёрланган расмий видеолавҳани ҳам томоша қиламиз:

Европа бозорида Pixel 5 учун 630 евро сўрашади, АҚШда эса уни 700 доллардан сотишади. Pixel 4a 5G эса бу бозорларда тегишлича 500 евро ҳамда 500 долларга баҳоланган. Ҳар иккала смартфон учун аллақачон олдиндан буюртмалар олинмоқда, уларнинг очиқ савдоси эса 15 октябрдан бошланади.

ЎҚИНГ: Android 11’гача янгиланиши аниқ бўлган Samsung, OnePlus, Xiaomi, Oppo, Realme, Huawei, Motorola, LG ва Nokia смартфонлари

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.