Android 11 учун Google нималарни iOS’дан олган?

  •   DiMaX
  •  1299
  •  13.06.2020 13:45

Android 11 учун Google нималарни iOS’дан олган?

Google куни кеча саккизта смартфон учун Android 11 операцион тизимининг илк оммавий бета-версиясини тарқата бошлади. Бу орада Xiaomi мазкур апдейт яқин орада ўзининг қайси моделларига етиб келишини маълум қилган бўлса, OnePlus мақтаниб ҳам ўтирмасдан, амалда кўрсатди!

ЎҚИНГ: Android 11’гача янгиланувчи 60 га яқин Samsung смартфонлари ва планшетлари битта рўйхатда!

Android 11 операцион тизимининг биринчи бета-талқинини кузатиб, ундаги айрим функциялар асосий рақобатчи – iOS тизимидан ўзлаштирилганини пайқаш мумкин. Қуйида шулардан асосийларини келтириб ўтамиз:

  1. Ақлли уй

Google Home платформаси базасидаги ақлли уй қурилмаларини бошқариш опцияси энди қурилмани ўчириш тугмачасини узоқроқ вақт босиб турганда акс этади. Айтиш керакки, iOS тизимида HomeKit’ни қўллаб-қувватловчи IoT-қурилмаларни бошқариш ҳам тахминан шундай йўлга қўйилган. Мазкур ечимнинг афзаллиги шундаки, керакли жиҳозларни шу тугмача ёрдамида бир лаҳзадаёқ чақириб олиш мумкин.

  1. Рухсатлар

iOS тизимида бўлгани каби, Android ҳам тизимнинг у ёки бу имкониятларидан фойдаланиш рухсатини иловаларга фақат уларни ишлатаётган пайтдагина бериши мумкин. Шунда ҳам фойдаланувчининг ўзи мазкур жараённи тўлиқ бошқариб туради. Android 11 талқинида Google бу борада янада илгарилаб кетган – агар фойдаланувчи узоқ вақт созламаларда иловаларнинг рухсатларига қарамай қўйган бўлса, тизим уларни дастлабки ҳолатига қайтариб қўяди.

  1. Қурилмаларнинг биридан бошқасига ўтиш

Android 11 тизимида Bluetooth орқали турли қурилмаларга уланганда, уларнинг биридан иккинчисига ўтиш осонлаштирилган. Буни энди «шторка» – экраннинг тепасидан пастга силаб очиладиган билдиришномалар менюси орқали қилиш мумкин. iOS фойдаланувчилари ҳам гаджетларни тахминан шу усулда, «Бошқарув нуқтаси»даги AirPlay белгичаси орқали алмаштиришади.

  1. Экрандан ёзиб олиш

Android-смартфонлар экранидан видео ёзиб олиш имкони аввалдан ҳам бор эди, лекин бу иш фақат чет иловалар ёрдамида амалга оширилар эди. Android 11 версиясида эса уни тизимнинг ўзига жорий этишган ва мазку функцияга, худди iOS тизимидаги каби, тезкор созламалар орқали кириш мумкин.

Турли брендларнинг айрим смартфонларига ушбу имкониятлар биринчилар қаторида тақдим этилади, уларнинг тўлиқ рўйхати эса қуйидги хабаримизда берилган:

ЎҚИНГ: Android 11’гача биринчи тўлқинда янгиланувчи 129 та смартфон рўйхати чиқди!