Android 13 шу ерда!

Android 13 шу ерда!

Android дунёдаги энг катта операцион тизим бўлиб, ундан 2.5 миллиарддан ортиқ смартфонларда фойдаланишади ва ҳар йили турли хил янгиланишлар билан олдинги версиядан яхшироқ бўлади.

Сўнгги марта ўтган йили кузда Android 12'нинг барқарор версиясини тақдим қилган Google, кеча, 10-февралда Android 13'нинг илк олдиндан кўриш ва синаш учун мўлжалланган версиясини чиқарди. 

Android 13 Developer Preview 1 ҳозирда фақат янги хусусиятларни синаш учун дастурчиларга чиқарилган бўлиб, маълумотларга кўра унинг илк бета версияси апрелда ва сўнгги (тўртинчи) бета версияси июлда, барқарор версияси эса август ёки катта эҳтимол билан яна куз фаслида чиқарилади. 

Хўш, Android 13'да нима янгиликлар? Google бу сафар ҳам эътиборини хавфсизликка қаратган ва расм-видеоларингизни махфийлигини ҳимоя қилишингиз учун тизимга янги фото танлаш хусусиятини қўшган. Бу маҳаллий ва булут хотиралардаги суратларингизни хавфсиз алмашиш учун стандарт ва оптималлаштирилган усул бўлиб, бунда сиз расм улашаётган илова сизнинг барча медиафайлларингизни кўриши шарт бўлмайди ва фақат сиз танланган суратларгина кўра олади. 

Бундан аввалги Android версияларида Wi-Fi га уланадиган иловалар қурилма жойлашувини билиши керак бўлар эди, гарчи бу керак бўлмаса ҳам. Android'13 даги NEARBY_WIFI_DEVICES хусусияти эса иловаларга жойлашув рухсатисиз Wi-Fi га уланиш имконини беради. 

Мавзуга мослашган иловалар - Android 12'да Google ўз иловалари учун мавзуга қараб пиктограммаларини мослаш хусусиятини тақдим қилган эди, Android'13 да эса бу хусусият барча иловалар учун очиқ бўлади. Бунда илова ишлаб чиқарувчилар шунчаки янги монохром иконкасини қўшишлари ва уни илованинг пиктограмма маълумотларига ҳавола қилишлари керак холос. 

Шу билан бирга ҳар бир илова учун тил созламалари функцияси яхшиланган, сўзларни ёзаётганда дефис қўйиш 200 фоизга тезлаштирилган ва яна бир қанча кичик янгиликлар мавжуд. 

Агар дастурчиликдан хабарингиз бўлса ва смартфонингиз муаммоларга учрашидан қўрқмасангиз Android 13'ни ҳозироқ синаб кўришингиз мумкин. Акс ҳолда, барқарор версияни шу йил охирроғида кўришингиз мумкин мумкин. 

ЎҚИНГ: Telegram'га "Статуслар" функциясини қўшиш таклиф қилинмоқда 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!