Android 14 билан тўғридан-тўғри сунъий йўлдошга уланиш мумкин бўлади

Android 14 билан тўғридан-тўғри сунъий йўлдошга уланиш мумкин бўлади

Гарчи Ўзбекистондаги алоқа операторлар мамлакатимиз ҳудудида кенг қамровли симсиз алоқа хизматларини таклиф қилишса ҳам, кўплаб чекка ҳудудларда ёхуд қишлоқ жойлар ҳали-ҳамон уяли алоқадан фойдаланиш имкони мавжуд эмас ва бу, албатта, ёмон. Бунга эса сунъий йўлдошга уланиш ечим бўлиши мумкин.

Яқинда Американинг T-Mobile алоқа оператори Илон Маскнинг SpaceX компанияси билан ҳамкорликда уяли алоқа хизмати етиб бормаган ҳудудларда яшовчилар учун алоқа хизматларини 2023 йил охирида ишга тушириш режалаштираётганликларини эълон қилган эди. Эндиликда маълум бўлишича, улар сунъий йўлдошларга уланиш устида ишлаётган ягона компаниялар эмас экан - Google ҳам ўзининг Android операцион тизимида худди шундай хусусиятни қўшмоқда.

Хироси Локхаймер, Google компаниясининг Android бўйича катта вице-президенти ўзининг Twitter саҳифасида навбатдаги Android версияси, ёхуд Android 14 смартфонларга сунъий йўлдошларга уланиш имконини беришини маълум қилди:

"Сунъий йўлдошларга улана оладиган телефонларда фойдаланувчи тажрибаси ҳақида ўйлаш жуда ҳаяжонли. Биз 2008 йилда G1'ни ишга туширганимизда, 3G + Wi-Fi ни ишлашини таъминлаш жуда қийин эди. Энди биз (уларни) сунъий йўлдошлар учун лойиҳалаштиряпмиз. Ажойиб! Android'нинг кейинги версиясида буларнинг барчасини ишга туширишда ҳамкорларимизни қўллаб-қувватлашдан хурсандмиз!"

Android 13 янгиланиши Google'нинг Pixel смартфонлари учун аллақачон чиқариб бўлинди. Бир неча кун олдин эса Android 14 нинг бета синовлари кейинги йилнинг баҳоридан бошланиши ҳам маълум бўлди. Айтиш мумкинки, T-Mobile ва SpaceX ўз хизматларини ишга туширгунларига қадар Android 14 смартфонлари уни қўллаб-қувватлашни бошлайди. Apple смартфонларига келадиган бўлсак, бир неча кундан сўнг тақдим қилиниши кутилаётган iPhone 14 қатори сунъий йўлдошга уланиш хусусияти билан чиқарилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Sony XPeria 5 IV смартфонини тақдим қилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.