Android 15 версиясининг десерт номи ошкор бўлди!

Android 15 версиясининг десерт номи ошкор бўлди!

Android операцион тизимининг энг "ширин" қисми, шубҳасиз, унинг десерт номидир ва бу ҳар йилги анъана ҳисобланади. Ҳозирги Android 13 ички код номи, яъни ширинлик номи "Tiramisu" бўлса, эндигина ишлаб чиқилаётган Android 14 версияси "Upside-down Cake", яъни "Тепаси пастга қилинган торт" ёки шунчаки "Тескари торт" деб номланади. Биз ҳали бу "торт"дан таътиб кўрганимизча йўқ, аммо Google аллақачон янги версия, Android 15 учун ширинлик номини ўйлаб қўйган кўринади.

Асосан Android операцион тизимига оид янгиликларни ёритадиган фрилансер-журналист, Мишаал Раҳман ўзининг Twitter саҳифасида teamb58 томонидан пайқаб қолинган ажойиб янгиликни улашди. Унга кўра, 2024 йили чиқарилиши кутилаётган Android 15 версиясининг десерт номи... (барабан овози)... "Vanilla Ice Cream"! Ўзбекчага таржима қилганда бу "ванил музқаймоқ" ёхуд оддий, қаймоқли музқаймоқни англатади. Мазали шундай эмасми?

Маълум бўлишича, мазкур код номи очиқ кодли Android лойиҳасининг Android Савдо Федерациясида (қисқача Tradefed ёки TF – Android қурилмаларида тестларни ўтказиш учун мўлжалланган доимий синов тизими) бир қатор код ўзгаришлари сифатида пайдо бўлган. Афсуски, бизга ҳозир Android 15 нинг десерт номигина маълум холос ва биз унинг қанчалик "мазали" эканлигини аниқ билмаймиз.

Албатта, Android 15 ички код номи, Vanilla Ice Cream, унинг ҳеч қандай янги функцияларига ишора бермайди, лекин бу қизиқарли ва ҳеч бўлмаганда Google янги авлод Android версияси устида ишлаётнини англатади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.