Android 7.1.1 тизимидаги Samsung Galaxy Note 8 синовдан ўтказилмоқда

  •   DiMaX
  •  1269
  •  02.06.2017 16:51

Android 7.1.1 тизимидаги Samsung Galaxy Note 8 синовдан ўтказилмоқда

Жанубий Кореялик гигант ўзининг навбатдаги фаблети – Samsung Galaxy Note 8 моделини синовлардан ўтказмоқда. Унга Android 7.1.1 Nougat версияси ўрнатилган ҳолда савдога чиқарилади, деб ёзади Galaxy-Droid.ru.

Мазкур онлайн-нашрнинг ўз манбаларига таяниб таъкидлашича, Note 8 томонларининг ўзаро нисбати ҳам худди Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus’даги сингари – 18.5:9 кўринишида. Агарда шу маълумот ўз тасдиғини топса, компаниянинг Note қаторидаги янги қурилмаси ромсиз Infinity Display экранига эга бўлади.

Смартфоннинг ички хусусиятлари борасида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ. Бироқ кейинги пайтларда тарқалган айрим миш-мишларга кўра, Galaxy Note 8 моделига Exynos 8895 чипсети қўйилади. Унинг тезкор хотираси 6 гигабайтга тенг, доимий хотираси ҳозирча номаълум. Асосий камераси қўшалоқ модулли бўлиб, объективлари тикка жойлашган.

Навбатдаги флагман жорий йилнинг иккинчи ярмида чиқиши маълум, аммо тақдимотнинг аниқ санаси ҳануз сир сақланмоқда. Samsung аллақачон Note 8 моделини синовдан ўтказаётганига кўра, у ёзнинг охирларида савдога чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Galaxy Note 8’нинг суратлари аввалроқ тарқаб кетган, DBS Designing студияси бўлажак илғор гаджетнинг рендерларини тайёрлаб, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган эди. Қурилманинг янги авлод камера инновациясига эга бўлиши ҳақида ҳам хабар берганмиз ва унинг видеосини ҳам эълон қилганмиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!