Android 9.0 P тизимли Google Pixel 3 флагманини томоша қиламиз!

  •   DiMaX
  •  2197
  •  29.12.2017 15:57

Android 9.0 P тизимли Google Pixel 3 флагманини томоша қиламиз!

Google 2017 йили тақдим этган Pixel 2 флагмани, гарчи ички «темир-терсак»лари жиҳатдан унча қизиқарли бўлмаса-да, у бошқа смартфонсозларнинг маҳсулотларидан битта хусусияти билан илғор. Гап шундаки, мазкур компания ўз смартфонлари учун биринчи навбатда энг илғор дастурий таъминотни татбиқ этган. Шунинг эвазига, гарчи якка объективли бўлса-да, Google Pixel 2 девайси кўпчилик «қўш кўзли» смартфонлардан кўра яхшироқ суратга ола билади.

ЎҚИНГ: Бир манзарани Canon 5D Mark III, Google Pixel 2 XL ва iPhone X бир вақтда суратга олиб кўрди

Бугун эса Google’нинг навбатдаги флагмани – Android 9.0 P операцион тизим талқини базасида ишловчи Pixel 3 расмлари ва хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Гарчи ҳали мазкур смартфоннинг тақдим этилишига бир йилча вақт бор бўлса-да, YouTube’даги Science and Knowledge канали дизайнерлари қидирув гиганти тақдим этадиган флагман борасида фантазияларини ишга солиб, унинг концептини тайёрлашди, деб ёзади AKKet нашри.

Тарқалган рендер-суратларга қараганда, Google Pixel 3 корпуси металлдан бўлиб, унинг юза томонини чапдан ўнггача буткул қоплаб олувчи AMOLED-экран эгаллаган. Агар купертинолик гигантнинг юбилей айфони дисплейининг тепа қисми «ўйиқ»ли бўлса, Pixel 3 дисплейининг ҳам юқори, ҳам пастки қисмида кичкина «кемтик»лар мавжуд. Уларнинг ҳар иккаласида кучли стереодинамиклар, яна юқоридаги «тирқиш»да бир қанча датчиклар, юз сканерига эга олд камера ҳам жойлашади.

Pixel 3 орқа панелида иккита модулли асосий камера ва дактилоскопик датчик ўрин олган. Мазкур бармоқ изи сканери фойдаланувчининг бармоқ ишораларини илғаб олиш хусусиятига эга. Google’нинг суратларни қайта ишлаш алгоритмлари туфайли, унинг янги флагмани фантастик даражада сифатли расмга олади. Жумладан, орқа фонини ғира-шира қилиш эффекти билан у портретларни ҳам чиройли чиқаради. 16 мегапикселли камеранинг иккинчи объективи майда деталларгача аниқлаштириб расмга олишга ҳамда юқори даражадаги оптик зумга имкон беради.

ЎҚИНГ: Хушхабар: куни кеча тақдим этилган Pixel 2 ва Pixel 2 XL учун ҳозироқ буюртма бериш мумкин!

Манбанинг берган маълумотларига кўра, Google Pixel 3 смартфонининг Super AMOLED-экрани диагоналига 6 дюйм ўлчамга эга. Дисплейнинг тасвир сифати Quad HD+ форматида, яъни 2880х1440 пикселли. Томонларининг ўзаро нисбати 18:9 ни ташкил этувчи экран устига Corning Gorilla Glass 6 ҳимоя шишаси ётқизилган.

Флагманнинг самарадорлигини 8 ядроли, 2,8 ГГц такт частотасида ишловчи Qualcomm Snapdragon 845 процессори таъминлаб беради, унга Adreno 630 график тезлатгичи ёрдамга келади. Смартфон 4/6 гигабайтлик тезкор хотира ҳамда 128/256 гигабайтлик доимий флеш-хотирага эга. Google бу флагманига бирйўла ўзининг энг илғор – Android 9.0 P операцион тизим талқинини ўрнатган ҳолда тақдим этади.

Google Pixel 3 флагманининг тақдимоти 2018 йилнинг иккинчи ярмида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Агарда у мана шу концептда тахмин қилинган қиёфага ва хусусиятларга эга бўлса, қидирув гиганти смартфонсозлик борасида ҳам кўпчиликдан олдинда эканини яна бир бор исботлайди.

ЎҚИНГ: Экспертлар 2017 йилнинг энг яхши 5 смартфонини аниқлашди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.