Android 9.0 Pie’гача янгиланувчи смартфонлар рўйхати эълон қилинди

  •   DiMaX
  •  4232
  •  10.08.2018 11:47

Android 9.0 Pie’гача янгиланувчи смартфонлар рўйхати эълон қилинди

Google компанияси 6 август куни ўзининг мобил операцион тизимини янги версияда тақдим этганидан хабарингиз бор. Pixel, Pixel XL, Pixel 2, Pixel XL 2 шунингдек Essential Phone смартфонлари учун ушбу талқингача янгиланиш имкони ўша куниёқ бор эди.

ЎҚИНГ: Google ОС Android 9.0 ни чиқармоқчи

Шундан сўнг бошқа смартфонсозлар ҳам ўзларининг айрим моделларини тўққизинчи версиядаги Android’гача янгилашларини маълум қила бошлашди. Бунда афсонавий бренд тезкорлик кўрсатди ва барча моделлардаги смартфонлари учун Android 9.0 Pie етказиб берилишини маълум қилди.

8 август куниёқ иккита смартфон модели учун Android 9 Pie’га асосланган прошивка тарқатила бошлади. Булар – Nokia 7 Plus ҳамда Xiaomi Mi Mix 2S русумли мобил телефонлардир.

Энди эса яна учта компания ўзларининг айрим смартфонларини Android 9.0 Pie’гача янгилашларини эълон қила бошлашди. Улар ҳатто ушбу прошивкаларнинг тегишли русумлардаги девайсларга тарқатилиш муддатларини ҳам айтишган.

ЎҚИНГ: Nokia ва Xiaomi’нинг иккита смартфони аллақачон Android 9.0 Pie’гача янгиланди. Навбатда қайсилари?

Хулласи калом, учинчи рақамли смартфонсоз – Huawei, япон техногиганти Sony ҳамда тез ривожланиб келаётган хитойлик – Vivo компаниялари ўзларининг флагман моделлари учун Android 9 базасидаги прошивкаларни чиқаришяпти.

Баёнотларга кўра, Huawei ўзининг Mate 10 Pro, P20, Honor 10 ҳамда Honor V10 русумли смартфонларини «пирогли» Android’га асосланган янги прошивка билан таъминлайди. Бугина эмас – ушбу моделлардаги қурилмалар эгалари аллақачон янги операцион тизимнинг бета-версиясини ўрнатиб олиб, фойдаланишлари мумкин.

Sony компанияси эса янги дастурий таъминотни Xperia XZ2, Xperia XZ2 Compact, Xperia XZ2 Premium, Xperia XZ1, Xperia XZ1 Compact ҳамда Xperia XZ Premium моделларидаги флагманлари учун Android 9.0 Pie асосидаги прошивка чиқаришини маълум қилган.

Vivo эса айни дамда фақат биттагина смартфони – Vivo X21 модели учунгина Android 9.0 Pie асосида тайёрланган прошивка чиқаришини маълум қилган. Шу русумли смартфон эгалари янги дастурий таъминотни жорий йилнинг тўртинчи чорагида ўрнатиб олишлари мумкин бўлади. Sony ҳамда Huawei эса, юқорида санаб ўтилган моделлардаги гаджетлари учун янги талқиндаги операцион тизимга асосланган прошивкаларни шу йилнинг ноябри охиригача тақдим этишмоқчи.

Дарвоқе, Android 9.0 Pie талқинида смартфон эгаларига маъқул келмайдиган бир хусусият борлиги аниқланган...

ЎҚИНГ: Android 9 Pie’га ўтмоқчимисиз? Ёдда тутинг: орқага йўл йўқ!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!