Android асосчиси титан корпусли смартфон тақдим қилди

Android асосчиси титан корпусли смартфон тақдим қилди

Android операцион тизимининг асосчиси бўлган Энди Рубин бошчилигидаги Essential компанияси илк смартфони — Essential Phone’ни тақдим қилди. Янги смартфон ромсиз экрани ва магнит ёрдамида гаджетга бирикувчи қатор аксессуарлари билан ўзига хосдир.

Essential Phone экрани икки ёнида ромдан холи ва унинг юқорисидан ўрин олган олд камера ҳам экран билан уйғунлашиб кетган. Олд панел қуйисидаги экран ҳошияси ҳам юпқа. Бу эса олд панелнинг дизайнини очган. Смартфон корпуси бугунги замонавий смартфонлар каби алюминийдан эмас, титан ва керамикадан тайёрланган.

Essential Phone дисплейининг диагонали 5,7 дюйм бўлиб, унинг пикселлар сиғими QHD, яъни 2560×1312 пикселли.

Essential Phone учун ҳам 2017 йилнинг мобил флагман процессори бўлган Qualcomm Snapdragon 835 процессори танланган. Унинг оператив хотира сиғими 4 ГБ, доимий хотираси эса 128 гигабайтли. Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3040 мА соат.

Унинг бош фото-модули учун 2 та, ҳар бири 13 мегапикселли камералар ўрнатилган. Улардан бири оқ-қора диапазонда суратга олиши билан ўзига хос. Олд датчик эса 8 мегапикселли. Ҳар иккала камера сенсорлари ҳар секундда 30 та кадрли 4K видео тасвирга олиши билан ўзига хос. Орқа панелдан бармоқ излари сканери ўрин эгаллаган.

Телефон аппарати симсиз алоқанинг Bluetooth 5.0 LE ва Wi-Fi: 802.11a/b/g/n/ac MIMO, NFC тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Essential Phone’да 4 та, жумладан шовқинни пасайтирувчи микрофон ўрнатилган. Корпусда USB-C порти мавжуд.

Смартфон ўлчамлари: 141,5 × 71,1 × 7,8 мм, вазни — 185 грамм.

Аксессуарлари орасида 360 градусда тасвирга олишга хизмат қиладиган камера бўлиб, у смартфоннинг юқори қисмига магнит ёрдамида бирикади. Смартфон билан бирга харид қилганда бу оптик восита $50, алоҳида $199 долларга баҳоланган.

Ишлаб чиқарувчи Essential Phone’ни $699 долларга нархлаган. Смартфонга аввалдан буюртма қабул қилиш бошланган.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.