Android’да иловаларга пароль қўйиш учун 5 дастур

  •   DiMaX
  •  3698
  •  28.04.2017 11:03

Android’да иловаларга пароль қўйиш учун 5 дастур

Смартфонингизда фақат ўзингизга аталган, «ўта шахсий» иловалар ва расмлар, видеолар бор-а? Уларга бошқалар кириб кўрмаслиги учун, пароль билан чеклаб қўйса бўлади. Қуйида келтирилаётган блокловчилар айнан сиз кўрсатган илованигина пароллаб қўйиш имконига эга.

1. App Lock

Энг содда чекловчилардан бири – ортиқча созлама ва функциялардан холи. Бирор иловага киришни уч хил йўл билан ҳимоялай олади: пароль ёрдамида; бармоқ изи орқали (қурилмада тегишли сканер мавжуд бўлса) ва график калит билан. Яна бу иловада қайта блоклаш таймерини қўйиш имкони ҳам мавжуд.

App Lock’нинг бепул версиясида реклама бор, ундан қутулиш учун эса бир марталик тўловни амалга ошириш керак бўлади. Иловани мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

2. App Locker

Олдинги чекловчи сингари, App Locker ҳам бу тоифадаги оддий дастурлар қаторига киради. У ҳам учта усул: пароль, бармоқ изи (сканер бор бўлса) ва график калит билан иловаларга киришни чеклай олади. Интерфейсининг ранглар схемасини алмаштириш мумкин.

App Locker’нинг бепул версиясини Google Play’дан мана бу илова орқали ўрнатиш мумкин. Унинг блокировка экранида реклама чиқиб туради. Бундан халос бўлиш учун эса унинг пулли версиясини харид қилишингизга тўғри келади.

3. Hexlock

Hexlock ҳам иловаларга киришни шу учта йўл билан ҳимоялайди. Бундан ташқари, мазкур блокловчида профиллар опцияси мавжуд; ундаги профиллар эса турли дастурларнинг ҳимоясини бошқариш учун уларни гуруҳлаш имконини беради.

Охирги янгиланишлар Hexlock’нинг имкониятларини кенгайтирган. Унда расмлар ва видеоларни сақлаш учун ҳимояланган жой ажратилган. Унга қўшилган медиафайллар фақат Hexlock ичида, чекловни очгандан кейингина кўринади.

Шунингдек, ишлаб чиқувчилар унга шубҳали фаолликни мониторинг қилиш бўлимини ҳам киритишган. Бу ерда дастурларнинг ҳимоясини очишга бўлган муваффақиятсиз уриниш пайтида смартфон олд камерасидан олинган суратлар ва уларнинг вақти акс эттирилади.

Илованинг яна блокировка экранининг фонини созлаш, ҳимояни очишга қайта уриниш учун таймер ўрнатиш каби қўшимча функциялари ҳам бор.

Hexlock’нинг мана бу ердан олиб ўрнатиладиган бепул версияси ичида ва ҳар гал иловаларни блокдан чиқаришда реклама кўрсатилади. Пулли версиясида эса реклама йўқ.

4. AppLock

Иловаларни пароль ва график калит билан ҳимоялашдан ташқари, AppLock фотосуратлар ва видеолавҳалар учун сақлагич вазифасини ҳам бажаради. Уларга кириш учун, албатта, иловани блокдан чиқариш талаб этилади. Шунингдек, Hexlock’даги сингари, бу дастурда ҳам ҳимояланадиган иловалар гуруҳларини тезкор бошқариш учун профилларни созлаш ҳам мумкин.

Юқоридагилардан ташқари, AppLock ҳатто Wi-Fi, Bluetooth ва автоматик синхронлашни ўчириб-ёқиш тугмачаларини ҳам ҳимоялай билади. Яна унда хавфсизликнинг кенгайтирилган созламалари мавжуд. Масалан, ҳимояланган иловани очишга уринишда экранга тизим хатолиги ҳақида хабар чиқариш, AppLock белгичасини кўринмайдиган қилиб қўйиш ва паролни киритишда экрандаги рақамларнинг ўрнини мунтазам алмаштириб туриш кабилар.

AppLock’нинг бепул версиясида ҳам реклама мавжуд, уни мана бу ердан юклаб олиш мумкин.

5. Vault

Мазкур тўпламдаги иловалар орасида энг кўп функцияларга эга чекловчи. Vault иловаларни пароль ёрдамида ҳимоялайди ҳамда медиафайллардан ташқари яна контактлар ва СМСларни ҳам яширин сақлайди. Хавфсизлик янада кучли бўлиши учун, ўзига ишониб топширилган маълумотларнинг захира нусхасини «булут»да сақлай олади. Дастурнинг яна ички браузери ҳам мавжуд, унда веб-хатчўпларни (веб-закладкаларни) бегона кўзлардан муҳофазалаган ҳолда сақлаш ва кўриш мумкин.

Табиийки, Vault’нинг ҳам бепул версияси тегишли чекловларга эга ва рекламага тўла. Аммо унда премиум-режимга пулли обуна мавжуд. Обуна бўлган фойдаланувчиларга эълонлар кўрсатилмайди ҳамда қўшимча функция ва бонуслар тақдим этилади. Масалан, «булут»да кўпроқ жой, Vault белгичасини яшириш имкони, блокни очишга бўлган муваффақиятсиз уринишларда камерани ишга тушириш каби.

Vault иловасини ушбу ҳавола орқали олиб ўрнатса бўлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!