Android’да суратни қайта ишловчи энг зўр иловалар

  •   DiMaX
  •  6198
  •  11.04.2017 11:05

Android’да суратни қайта ишловчи энг зўр иловалар

Баъзида смартфонда олинган селфи ёки суратларимиз кўнгилдагидек чиқмайди, уларга салгина ишлов бериш зарурати сезилади. Мана шундай ҳолларда расмларни тезда таҳрирловчи қуйидаги иловалар қўл келади.

Adobe Photoshop Express

Adobe компанияси Android учун кўплаб фойдали маҳсулотлар чиқарган. Улардан ҳар бири ҳам эътиборга лойиқ, аммо Photoshop Express фотомуҳаррири ўзининг соддалиги ва қулайлиги билан алоҳида таъкидлашга арзирли.

Фотосуратларига тезлик билан ишлов бериш – фильтрлар қўшиш, камчиликларини тўғрилаш ёки ранглар гаммасини тўғрилаш бу илова учун «чўт эмас». Бу фотомуҳаррир бепул тарқатилади ҳамда RAW, JPG ва PNG форматлари билан ишлай олади. Булардан ташқари, фойдаланувчининг ўзи ҳам унга ўз фильтрларини қўша олиши жуда ажойиб!

Асосий функциялари:

  • Рамкалар
  • RAW форматлари билан ишлаш
  • Фойдаланувчининг ўз фильтрларини қўша олиши
  • Битта тегинишда фильтрлаш
  • Туманни йўқ қилиш
  • «Шовқин»ларни камайтириш

Google Play’дан Adobe Photoshop Express’ни мазкур ҳавола ёрдамида кўчириб олиш мумкин.

Autodesk Pixlr

Autodesk компанияси профессионал график дастурлар бозорида аввалдан ўзини яхши жиҳатлари билан намоён этиб келган. Энди истаган фойдаланувчи унинг кенг кўламли жиҳозлар тўпламидан фойдаланиши мумкин – Android учун Autodesk Pixlr фотомуҳарририда 2 миллиондан ортиқ бепул эффектлар, қўшимчалар ва фильтрлар бор.

Илованинг кўп сонли имкониятлари, фонлар, оралиқлар жамланмасидан фойдаланган ҳолда коллаж ва фотосуратлар яратиш мумкин. Ўзингиз истаган тасвирни ҳосил қилиш учун кўплаб эффектлар хизматингизга шай.

Асосий функциялари:

  • Коллажлар
  • Фильтрлар
  • Тасвирларни услубларга тушириш
  • Кўп сонли эффектлар
  • Селфида нуқсонларни йўқ қилиш

Ушбу иловани Google Play’дан мазкур ҳавола ёрдамида кўчириб олиб ўрнатишингиз мумкин.

Handy Photo

Handy Photo – фотосуратларни таҳрирлашга жиддий ёндашадиган кишиларга атаб махсус ишлаб чиқилган илова. Уни Android учун идеал мобиль фотомуҳаррир, дейиш мумкин. Handy Photo фоторасмларни тўғрилаш ва яхшилаш учун жуда қўл келади.

Унинг ёрдамида фотосуратларингизнинг умумий кўринишини яхшилашингиз мумкин; бунда таҳрирлашни барча ранглар учун ҳам, алоҳида олинган айрим тусдаги ранглар учун ҳам амалга оширса бўлади. Шунингдек, расмдан ортиқча объектларни олиб ташлаш, унга фон қўшиш ва турли фильтрларни қўллаш имкони бор.

Photoshop ёрдамида бир соатда қилинадиган ишларни Handy Photo билан икки-уч дақиқада, смартфон экранига бир нечта тегинишлар орқали амалга оширса бўлади!

Асосий функциялари:

  • Рамкалар қўшиш
  • Тасвирларни услубларга тушириш
  • Кўп сонли фонлар
  • Ранг ва туслар устида ишлаш
  • Объектларни олиб ташлаш ва бошқа жойга кўчириш

Handy Photo’ни мазкур ҳавола ёрдамида Google Play’дан кўчириб олса бўлади.

Aviary

Android учун кўп функцияли Aviary фотомуҳаррири, қаерда бўлишингиздан қатъи назар, фоторасмларни тезда ва осонгина таҳрирлаш имконини беради. Иловага барча керакли жиҳозлар ўрнатилган, унинг интерфейси эса шу қадар қулайки, ҳар қандай янги иш бошлаган фойдаланувчи ҳам тезда ўрганиб олади.

Фотосуратга тагсўз ёзмоқчимисиз – бундан осони йўқ. Қизиқарли стикер қўшишни истайсизми – марҳамат, танлаб олинг.

Турли-туман вазифалар: фотосуратда контраст ва ёруғликни автоматик яхшилаш, кескинликни созлаш, тасвир устига расм тушириш, қизил кўзлар эффектини олиб ташлаш ва бошқалар бу иловада бемалол қилинади. Хуллас, стандарт камерага жуда-жуда етишмаётган кўплаб фойдали майда-чуйдалари бор!

Асосий функциялари:

  • Рамкалар қўшиш
  • Қизиқарли стикерлар
  • Сурат устига чизиш ва матн қўшиш
  • Автоматик созлаш
  • Кадрлар кесиб олиш ва айлантириш

Aviary фотомуҳарририни Google Play’дан ушбу ҳавола орқали юклаб олинг.

VSCO

VSCO – мобиль фотография ишқибозларининг ҳамжамияти бўлишдан ташқари, у Android учун аъло даражадаги фотомуҳаррир ҳамдир. Ундаги кенгайтирилган камерани бошқарув воситалари ҳамда бетакрор фотофильтрлар ёрдамида ажойиб расмлар суратга олиш ва уларни таҳрирлаш мумкин.

Илованинг созламалари тасвирнинг ёрқинлиги, конрастлиги ва кескинлигини тўғрилаш, шунингдек, фоторасмнинг форматини алмаштириш имконини беради. VSCO ичида бошқа фойдаланувчиларнинг кўплаб материалларини топиш мумкин, улардан илҳомланиб, ҳақиқий кашфиётларни амалга оширишингиз эҳтимоли ҳам бор. Фотомуҳаррир сизга нафақат ажойиб расмлар суратга олишда, балки ҳамфикрларни топишда ҳам ёрдам беради.

Асосий функциялари:

  • Фильтрлар
  • Автоматик созлаш
  • Кадрлар кесиб олиш ва айлантириш
  • Ижтимоий тармоқ
  • Камеранинг нозик созламалари

Google Play’дан мазкур фотомуҳаррирни мазкур ҳавола ёрдамида олиб ўрнатса бўлади.

Хўш, сиз расмларни қайта ишлаш учун қайси иловалардан фойдаланасиз?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.