Android’даги root ҳуқуқи нима ва ундан қандай фойдаланилади?

  •   DiMaX
  •  10421
  •  23.02.2017 17:15

Android’даги root ҳуқуқи нима ва ундан қандай фойдаланилади?

Android операцион тизимидаги смартфон ёки планшет сотиб олган ҳар қандай одам, биринчи навбатда унинг учун турли дастурлар ва ўйинлар қидира бошлайди. Иловаларни кўриб чиқаётиб, кўпинча root ҳуқуқини талаб этувчи мана бундай ёзувларга дуч келамиз: «Требуются root права», «Нужен root», «Для работы программы необходимо получить root» ва ҳоказо. Хўш, root ҳуқуқи нима ўзи? У қандай олинади ва афзалликлари нималардан иборат?

Аввало эътибор беринг: Android OS ёпиқ операцион тизим саналади ҳамда айрим файллар ва функцияларга фойдаланувчилар тегишига рухсат бермайди. Мана шу рухсатни қўлга киритиш root ҳуқуқи дейилади ва у кўпгина турли функциялардан фойдаланиш имконини беради…

Root ҳуқуқи бўлса, жумладан, қуйидагиларни амалга ошириш мумкин:

  • Тизим файлларини ўзгартириш;
  • Стандарт иловаларни (календарь, харита ва турли сервисларни) ўчириш;
  • Мавзулар ва ёрлиқларни ўзгартириш ва ўчириш;
  • Қурилма ёқилиши жараёнида дисплейга чиқиб турадиган расм ўрнатиш;
  • Бажарилувчи Linux файлларини қўшиш;
  • Қурилманинг ишини оптималлаштириш, процессорни тезлаштириш;
  • Root ҳуқуқисиз ишламайдиган иловаларни ишга тушириш;
  • Маълумотларнинг захира нусхасини яратиш;
  • Модификация қилинган прошивкаларни ўрнатиш;
  • Ва кўпгина бошқа имкониятлар…

ЛЕКИН шуни унутмангки, ўз смартфонингиз ёки планшетингизда root ҳуқуқини олсангиз, унга нисбатан бўлган кафолат хизмати олиш ҳуқуқингизни йўқотасиз. Зеро, root ҳуқуқидан фойдаланиш – гўёки операцион тизимнинг дастлабки ҳимоясини олиб ташлашдек гап. Агарда кейин қурилмангизга бирор нима бўлиб қолса, сервис марказида унга кафолат хизмати кўрсатишни рад этишлари учун асос бор.

Яна бир томони – агар root ҳуқуқини олиш жараёнида ножўя хато қилиб қўйсангиз, дастурий таъминот қисми ишдан чиққан севимли гаджетингиз бир бўлак металл ва пластмасса уюмига айланади-қолади.

Агар шуларни билганингиздан кейин ҳам root ҳуқуқини олишга қизиқаётган бўлсангиз – у ҳолда бизни кузатиб боринг, яқин орада уни қандай қўлга киритиш ҳақида мақола эълон қиламиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!