"Android'лар шоҳи" самарадорликда Apple'нинг "шоҳ асари" билан курашди

Galaxy S9 ҳозирча Android смартфонлари орасида энг самарали платформага эга мобил алоқа воситаси бўлиб турибди. Samsung'нинг сўнгги смартфони тезкор ишлашда ўзидан бир неча ой авал тақдим қилинган iPhone флагманини мағлуб қила олмади.

Самарадорлик бўйича турли бенчмаркларда натижалар турлича. Бироқ, бу галги имтиҳонда Exynos 9810 ёки Snapdragon 845 чипларига эга Galaxy S9 ишлашда A11 Bionic чипи билан "қуролланган" Apple iPhone X ҳамда iPhone 8 натижаларини янгилай олмади.

Samsung флагманларининг имкониятларига холис баҳо бериш мақсадида Geekbench 4 блоги мутахассислари Snapdragon 845 чипи ўрнатилган Galaxy S9+ моделининг самарадорлигини ўрганишди. Унга кўра смартфон кўп ядроли ишлашда 8,295 балл тўплаган.

Яъни, iPhone X’нинг натижасидан қарийб 2,000 балл пастроқ натижа. Бироқ, "кореялик" смартфон самарали ишлашда Huawei Mate 10 Pro, Galaxy Note 8, Pixel 2 XL каби лидерларни ортда қолдирган.Бу флагманлар ўтган йили тўплаган балл 6,200 ва 6,800 оралиғида бўлган.

Шундай бўлса ҳам, 3DMark’нинг рейтингида Galaxy S9+ график-тасвирларни қайта ишлаш, яъни видео карта фаолияти бўйича iPhone флагманини ортда қолдирган. Бу имтиҳонда Galaxy S9+ 5,793 балл тўплаган бўлса, iPhone’нинг натижаси 3,998 баллни ташкил қилган.

Шу билан бирга, видеони таҳрир қилиш борасида iPhone X флагманининг қўли баланд келган. Мисол учун, айфон 2 дақиқалик ва 4K сиғимли видеони 1080p форматига айлантириши учун унга 42 сония вақт керак бўлган. Galaxy S9+ эса бу вазифани уддалаши учун 2:32 дақиқа керак бўлди, яъни 4 баробар кўпроқ вақт. Galaxy S8 (4:07), Note 8 (3:03) ва Pixel 2 XL (2:55) моделлари ҳам айфон натижасини такрорлай олишмайди.

Ниҳоят, яна бир масалада, яъни иловаларни тезкор очишда ҳам iPhone X яққол устун ва Galaxy S9+ моделини ортда қолдиради.

Мисол учун, ўйин иловасини очиш учун iPhone X флагманига 13 секунд, Galaxy S9+ моделига 20 секунд керак бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Galaxy S9+ модели Ўзбекистонда 7 260 000 сўмдан, iPhone X флагмани 8 632 000 сўмдан бошлаб сотилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.