Android-қурилмалар эгаларига хушхабар бор!

  •   DiMaX
  •  3774
  •  14.12.2019 13:56

Android-қурилмалар эгаларига хушхабар бор!

Google компанияси ўз мобил операцион тизимининг барча янгиланишларини такомиллаштириш устида ишламоқда. Яқин орада қурилмалар фойдаланувчи учун сезилмайдиган тарзда, фон режимида янгиланадиган бўлади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда Android ҳамда iOS'нинг улуши қанчани ташкил қилади?

Ҳозирги кунда Android янгиланишларининг ўрнатилиши бирмунча кўп вақтни олади. Гап шундаки, апдейт инсталляцияси жараёнида операцион тизим Dalvik виртуал машинасининг кэшини тозалайди, кейин эса иловаларнинг тўғри ишлаши учун ҳаммасини бошқатдан ўрнатиб чиқади. Бу вақт мобайнида гаджетнинг экранида янгиланиш ўрнатилаётгани ҳақидаги маълумотдан бошқа ҳеч нарса акс этмай туради, бирор иловани ёки функцияни ишга тушириб бўлмайди. Бундан ташқари, янгиланиш якунига етганидан сўнг девайсни ўчириб-ёқиш ҳамда парол, пин-код, бармоқ изи ёки бошқа усул билан тизимни қулфдан чиқариш керак бўлади.

Энди эса Google ўз мобил операцион тизимига Resume on Boot функциясини қўшяпти; бунда тизим янгиланиши амалга ошаётган пайтда ҳам фойдаланувчи иловаларни ишлата олади. Шунингдек, апдейт ўрнатилиб, тизим файллари алмаштирилиб бўлгач, қайта авторизациядан ўтиш ҳам талаб этилмайди.

ЎҚИНГ: Исталган смартфонда Android автоматик янгиланишини ўчириб қўйишнинг энг осон иккита йўли

Мазкур технологиянинг амалга оширилиши қуйидагича кечади: тизим ишлаш учун керакли маълумотни хотиранинг вақтинчалик бўлимида ушлаб туради, апдейт ўрнатилганидан сўнг эса ўша бўлимни ўчириб юбориб, фойдаланувчини янгиланган маълумотларга улайди.

Тахминларга кўра, Resume on Boot функцияси 2020 йилнинг ёзи сўнгида ёки кузида чиқадиган Android 11 талқинида жорий этилади. Google у ҳақда ҳар йили дастурчилар учун ташкиллаштириладиган I/O конференциясида расман гапириб берса керак.

Шунингдек, Resume on Boot функцияси Android тизимининг нисбатан олдинги версияларида ҳам пайдо бўлишидан умид қилиш мумкин. Ҳозирча эса Google уни тўртинчи авлод Pixel смартфонларида тестдан ўтказиб кўрмоқда.

ЎҚИНГ: Тадқиқот: Қайси смартфонлар энг узоқ вақтгача операцион тизими янгиланиб туради?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!