Android-қурилмалар учун энг ишончли бешта будильник

  •   DiMaX
  •  4932
  •  26.05.2017 12:55

Android-қурилмалар учун энг ишончли бешта будильник

Android тизимининг ўзидаги – соат иловасидаги будильникдан фойдаланасизми? Ундан кўра қизиқарлироқ, кўпфункцияли иловаларни синаб кўрганмисиз?

Бугун энг яхши бешта уйғотгич-дастурнинг қисқача тавсифини берамиз.

1. Timely

Android тизими учун чиқарилган мазкур будильник сизнинг қурилмаларингиз орасида синхронлаш функциясига ҳам эга. Ўзидаги ёқимли тароналар билан у сизнинг тонгда уйғонишингизни ҳақиқий роҳатга айлантиради.

Timely фойдаланувчилари илованинг интерфейсини расмийлаштириш мавзусини ўз таъбларига кўра танлашлари ёки ҳатто ўзлари яратишлари ҳам мумкин. Уйғониши қийин бўлганлар учун эса, будильникни битта тугмача билан ўчириб қўйишмаслиги учун, иловага топшириқлар ҳам киритилган. Токи топшириқни бажармагунингизча уйғотгичнинг овозини ўчириб бўпсиз!

Илованинг яна иккита ёқимли функциясини таъкидлаш ўринли. Уни шундай созлаш мумкинки, шунчаки смартфонни ағдариб қўйиш билан овозини ўчирса бўлади. Қолаверса, сиз телефонни қўлингизга олганингизни Timely сезади ва будильникнинг овозини пасайтиради!

Афзалликлари:

  • Чиройли дизайн
  • Интерфейс мавзулари
  • Ёқимли куйлар
  • Уйғониш учун топшириқлар
  • Қурилмалар аро синхронлаштириш

Timely дастурини Google Play дўконидан мана бу ҳавола орқали кўчириб олиш мумкин.

2. Sleep as Android

Sleep as Android иловаси сизнинг уйқу циклларингизни кузатиб боради ва, айнан қайси лаҳзада уйғониш сиз учун ёқимлироқ бўлишини аниқ билади! Унинг ақлли гаджетлар билан интеграциялашуви эса уйқунгиз тинч бўлишини яхши назорат қилиш имконини беради.

Будильникда хуррак ва босинқираш овозларини ёзиб олиш функцияси ҳам мавжуд. У товушлар аввалдан белгилаб қўйилган баландлик чегарасига етганида автоматик равишда ишга тушиб кетади.

Тезроқ уйқуга кетиш учун Sleep as Android’да «аллалаш» функцияси ҳам бор – табиат товушлари ёки қушларнинг майин сайраши товушлари ором олишингизни таъминлайди. Ўз уйқу режимини оқилона йўл билан тиклашни истовчилар учун бу илова жуда қўл келади.

Афзалликлари:

  • Уйғониш учун топшириқлар
  • Уйқуни кузатиб бориш
  • Уйқу етишмовчилиги статистикаси
  • Ёқимли «алла»лар
  • Босинқирашларни ёзиб олиш

Google Play маркетидан Sleep as Android’ни юклаб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтасиз.

3. Alarm Clock Xtreme

Android учун ишлаб чиқилган бу уйғотгич тажрибалар қилишни хуш кўрувчи ҳамда фаол инсонларга жуда-жуда мос келади. Илова кўплаб онлайн-радиостанцияларга улана олади.

Alarm Clock Xtreme будильнигида сиз уйғотгич таронасини мустақил белгилай олмайсиз, унинг ўзи сизни ҳар куни турлича товушлар билан уйғотади. Шунингдек, илова алоҳида таймер ва қулай секундомер билан ҳам жиҳозланган.

Созламаларнинг кенг функционали эвазига, сиз нафақат тунги уйқу, балки туш пайтидаги мизғиб олишлар учун ҳам қулай вақтларни белгилай оласиз.

Афзалликлари:

  • Уйқуни таҳлил этиб бориш
  • Уйғониш циклларини созлаш
  • Кундузги қисқа уйқулар учун будильник
  • Сигнални автоматик тарзда кейинроққа суриш

Alarm Clock Xtreme иловасини ушбу ҳавола орқали юклаб олиб ўрнатасиз.

4. Alarm Clock

Android тизимидаги қурилмалар учун ишланган Alarm Clock иловаси – бу оддийликнинг янги кўринишидир. Унда қойилмақом соат ҳамда сигналларни ишга туширишнинг интеллектуал алгоритми мавжуд. Дастур минималистик дизайнга эга бўлиб, тизим ресурсларини жуда кам сарфлайди.

Бундан ташқари, мазкур иловани қўнғироқлар учун сигналлар менежери ёки иш столидаги чиройли соат тарзида ҳам ишлатиш мумкин. Агарда сизга ишончли, чиройли ва оддий будильник керак бўлса, бунинг учун Alarm Clock энг яхши номзоддир.

Афзалликлари:

  • Соатнинг 4 тури
  • 3 хилдаги билдиришномалар
  • Минималистик дизайн
  • Батарея қувватини тежаш
  • Ишончлилик ва оддийлик

Alarm Clock дастурини мана бу ҳавола ёрдамида кўчириб олиш мумкин.

5. Alarmy (SleepIfUCan)

Агарда мусиқа товушлари ва телефон титраши (вибрация) орқали сизни уйғотиш қийин бўлса, Alarmy (SleepIfUCan) бу борада бошқачароқ ечим таклиф қилади. Мазкур иловада будильникнинг овозини ўчириш учун шунчаки тугмачани босиш ёки смартфонни силкитишнинг ўзи етарли эмас (гарчи шу йўллар билан ўчиришга созлаш имкони ҳам мавжуд бўлса-да).

Alarmy (SleepIfUCan) будильнигини уйғонганингизга ишонтириш учун, сиз ўз квартирангиздаги аввалдан белгилаб қўйилга бирор жойни (масалан, ваннахонадаги раковинани) суратга олиб унга кўрсатишингиз керак! Гарчи дастурчилар «саааалгина» ҳаддан ошириб юборишган бўлса-да, уйғонишингиз кафолатланади.

Афзалликлари:

  • Уйғониш учун топшириқ
  • Оддий интерфейс
  • Уйқу тарихи
  • Об-ҳаво маълумоти

Alarmy (SleepIfUCan) будильнигини Google Play’дан ушбу ҳавола орқали юклаб оласиз.

Дарвоқе, тонгда зўрға уйғонишдан қутқарувчи илова – Android ва iOS тизимли қурилмалар учун ишлаб чиқилган Smart Alarm Clock дастури ҳақидаги мақоламизга ҳам қараб қўйиш эсдан чиқмасин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.