Android-қурилмаларда интернет-трафикни тежаш йўллари

  •   DiMaX
  •  14658
  •  19.03.2017 13:32

Android-қурилмаларда интернет-трафикни тежаш йўллари

Уяли алоқа компаниялари ўз абонентлари учун интернет эшикларини кенг очиб берган бўлса-да, гап нарх масаласига келганда… хуллас, унчалик ҳам арзон эмас. Бироқ Android тизимидаги девайсларда трафикни тежаб ишлатиш учун айрим созламалар ва дастурлар борки, улардан фойдаланиш йўлларини қуйида кўриб чиқамиз.

1.Android’нинг ўз воситалари орқали тежаш

Бир неча қадамдан иборат қуйидаги усул ёрдамида маълумотлар узатиш ҳажмини қисқартириш мумкин:

  1. Play Store созламаларини очиб, иловаларнинг автоматик янгиланиши – «Автообновление приложений» опциясида «Никогда» – ҳеч қачон автоматик янгиланмасликни танлаймиз. Янгиланишлар мавжудлигини кўрсатувчи «Наличие обновлений» банди ёнидаги белгичани олиб ташлаймиз.
  2. Қурилманинг созламалари – «Настройки»даги жойлашув созламаларини кўрсатувчи «Местоположение» қисмига кирамиз. У ерда сизнинг жойлашувларингиз тарихини кузатиб борувчи «История местоположений»ни ўчирамиз.
  3. Яна созламалар – «Наcтройки»ни очиб, «Аккаунты» бўлимидаги «Меню» тугмачасини босамиз. Аккаунт маълумотларининг сервердаги нусхаси билан автоматик синхронланишини кўрсатувчи «Автосинхронизация данных»ни ўчириб (ёнидаги галочкани олиб ташлаб) қўямиз. Бунда интернет-трафик ишлатилиши анчагина камаяди, лекин почтадаги янги хатлар ва иловаларнинг билдиришномалари ҳам келмай қўяди.
  4. Созламаларга қайтиб, «Передача данных»ни очамиз. «Меню»ни босиб, «Ограничить фоновый режим»ни танлаймиз. Бунинг натижасида нафақат интернет сарфланиши, балки ҳатто батарея қуввати ҳам тежалади. Аммо мессенжерлардан билдиришномалар келиши тўхтайди. Шу боис бу масалада энг тўғри йўл – шу ердаги рўйхатни қараб, унчалик керак бўлмаган иловаларни топиш ва уларнинг фонда интернет маълумотларидан фойдаланишларини чеклаб қўйишдир.
  5. «Настройки Google»даги хавфсизлик, яъни «Безопасность» бўлимига ўтамиз. Ундаги зарарли дастурларги қарши курашувчи «Борьба с вредоносными программами» банди ёнидаги галочкани олиб ташлаймиз. Шунингдек, агар зарурати йўқ, деб ҳисобласангиз, қурилмангизни масофадан туриб изловчи «Удаленный поиск устройств» ҳамда масофадан блоклайдиган «Удаленная блокировка»ларни ҳам ўчириб қўйсангиз бўлади.
  6. Яна шу «Настройки Google»даги рўйхатнинг пастки қисмидаги «Управление данными» бандини очамиз. У интернет-маълумотларни бошқариш функциясини назорат қилади; ўша ердаги иловалар маълумотларининг янгиланишини кўрсатувчи «Обновление данных приложений» қисмида «Только Wi-Fi»ни белгилаб қўямиз. Энди иловаларнинг маълумотлар янгиланиши фақатгина Wi-Fi тармоғига уланганингизда амалга ошади, мобиль интернетдан улар фойдаланмайди.
  7. Орқага қайтиб, «Поиск и Google Now» бандини очамиз. Шахсий маълумотларни акс эттирувчи «Личные данные» бўлимига кириб, статистикани серверга юбориб турувчи «Отправлять статистику»ни ўчирамиз. Овозли қидирув – «Голосовой поиск» бўлимидани нутқни интернетсиз тушунадиган «Распознавание речи офлайн» мeнюсига кириб, офлайн-англаш тўпламини юклаб оламиз, кейин эса унинг автоматик янгиланишини буткул ўчириб ёки «Только по Wi-Fi»ни белгилаб қўямиз. Шунингдек, «Лента» бўлимига кириб, уни ҳам ўчириб қўямиз. Лента – бу «Google Старт»нинг чап экрани ёки Google иловаларининг бош экранидир. Шу ернинг ўзидан «Поиск по экрану» (Google Now on tap) функциясини ҳам ўчириб қўйса бўлади. Энг пастидаги «Рекомендуемые приложения»ни ҳам ўчириб қўйсак бўлади.
  8. Смартфон созламалари – «Настройки»даги «О телефоне»ни очиб, янгиланишларни автоматик текшириш ва юклаш функцияларини ҳам узиб қўямиз.

2. Рекламадан қутулиш

Ҳа, трафикни тежаш йўлларидан бири – рекламаларни блоклаб қўйишдир. Бунда бизга бетакрор AdAway иловаси ёрдамга келади. У реклама серверларига киришни буткул чеклаб қўяди. Шунингдек, фойдаланувчининг ҳаракатларини кузатиб борувчи трекинг сервислари ҳам блокланади. Фақат мазкур дастурнинг ишлаши учун root ҳуқуқи талаб этилади.

3. Браузер ёрдамида тежаш

Трафикни тежаш функциясига эга браузерлар унчалик ҳам кўп эмас. Тажрибада уларнинг бештасини синаб – ҳар бирида айни бир хил еттита сайтни очиб кўришган. Натижалар эса қуйидагича:

Firefox – трафикни тежаш функцияси йўқ, унда шу еттита сайтни очишга 13,33 мегабайт сарфланган.

Opera Mini – энг тежамкор браузер. Трафикни то 90 фоизгача (ўртача 70–80%) тежайди. Маълумотлар шу қадар кучли сиқилиб узатиладики, ҳатто Edge ёки ҳатто GPRS тармоқларида ҳам интернетга кириш мумкин. Бунинг асосида эса Opera’нинг ўз движоги ётади – у веб-саҳифаларни матнли тарзда эмас, балки бинар код кўринишида тақдим этади. Яна унинг ўз сервери ҳам бунда ёрдамга келади. Қўшимчасига браузернинг ўзидаям реклама блокловчиси, видео ва тасвирларни сиқиш функцияси ҳам мавжуд.

Мазкур браузернинг супертежамкорлик режими (режим суперэкономии) ҳам бор, бироқ у сиқишнинг мажбурий усулларини ҳам қўллайди, шу боис айрим сайтларни нотўғри кўрсатади.

Хуллас, тажрибада Opera Mini орқали еттита сайтнинг очилишига 12 мегабайт сарфланган.

Opera браузерининг юқоридаги версиясидан фарқи – интерфейcи ўзгачалиги ҳамда супертежамкорлик режимининг йўқлигидир. Аммо у нисбатан тезроқ ишлайди. Тажрибада у 12,15 мегабайт сарфлаган.

Chrome браузерида трафик тежаш функцияси бор, лекин рекламани блокловчи йўқ. Ишлаб чиқувчиларнинг фикрича, контентнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда бу илова 20–40% трафикни тежайди. Аммо амалда у бир ойда атиги 4% тежаши қайд этилган.

Унда тежамкорликни фаоллаштириш учун браузер созламаларига кириб, «Экономия трафика» функциясини ёқиш керак. Бироқ тежашнинг ҳеч қанақа созламалари йўқ, тежамкорлик статистикасини фақатгина трафик сарфига қараб аниқлаш мумкин. Сайтлар бўйича статистика мавжуд эмас, рекламани блоклаш функцияси ҳам, уни ўрнатувчи кенгайтмаларни қўллаб-қувватлаш ҳам йўқ.

Тежамкорлик режими умуман сезилмасдан ишлайди, суратлар сифати бузилмайди, саҳифаларни юклаш тезлиги ҳам пасаймайди. Яъни, Chrome энг тезкор браузерлардан бири бўлиши билан бирга, энг «очофат» ҳам бўлиб чиқди – – тажрибадаги еттита сайтни юклашга у 15,5 мегабайт сарфлади!

Puffin браузерида YouTube ва Play Store сайтларининг мобиль эмас, балки десктоп версияси очилди. Аммо тежамкорлик зўр – еттита сайтга атиги 5 мегабайт сарфланган!

4. Кейинчалик ўқиш сервислари

Pocket сервиси веб-саҳифаларни кейинчалик ўқиш учун сақлаб қўйиш имкониятини тақдим этади. Шу билан бирга, у трафик тежашга ҳам ёрдам беради! Компьютер ёки мобиль қурилмадан киришингиздан қатъи назар, бирор сайтдаги мақолани унга қўйишингиз билан, агарда Wi-Fi-уланиш мавжуд бўлса, мақола дарҳол қурилмага юкланади ва кейинчалик уни офлайн-режимда (интернетга уланмай туриб ҳам) ўқиш имконияти мавжуд бўлади. Аҳамиятли томони – бунда мақоладан фақат матн ва расмлар сақланади, ортиқча нарсаларни Pocket сақлаб ўтирмайди. Фақатгина шрифт ўлчамини ва фон рангини ўзгартириш имкони қоади, холос. Буни қуйидаги суратда кўришингиз мумкин:

5. Файлларнинг Wi-Fi орқали автоматик синхронланиши

Агар файлларингизга смартфондан кириш учун Dropbox ёки бошқа «булутли» сервислардан фойдаланадиган бўлсангиз, FolderSync иловасига эътибор беринг. У танланган папкалардаги файлларда ўзгаришлар қилинса, Wi-Fi-тармоққа улангандагина мазкур илова уларни смартфондагилар билан синхронлаб қўяди. Яъни, файлларни смартфонингизга мобиль тармоқ интернети орқали  юклашингизга ҳожат қолмайди.

6. Иловаларни интернетдан буткул узиб қўйиш

AFWall+ белгиланган иловаларни интернетдан узиб қўйишга имкон беради. У нафақат ўрнатилган дастурларни, балки тизим хизматларини, масалан, ADB’ни ҳам интернетга уланмайдиган қилиб чеклайди. Android’нинг ўзидаги чекловчидан фарқли равишда, AFWall нафақат фондаги, балки фаол режимдаги уланишларни ҳам чеклайди. Шунингдек, унинг ёрдамида тизимдаги биттагина илованинг интернетга уланишига рухсат бериш мумкин. Бунақа функция эса трафикни тежаб ишлатадиган фойдаланувчиларга жуда-жуда маъқул келиши аниқ!

CyanogenMod 13 прошивкасида тармоққа уланишни «Настройки → Конфиденциальность → Защищенный режим» орқали чекласа бўлади. Унинг 14.1 версиясига эса ҳозирча бу функция қўшилмаган.

7. Трафикни «сиқувчи» иловалар

Узатилаётган/қабул қилинаётган маълумотларни сиқадиган махсус иловалар ҳам бор, улар VPN-туннель яратиб, бирйўла трафикни ҳам сиқиб ўтказади. Улардан иккитаси эътиборга лойиқ: Opera Max ва Onavo Extend. Уларнинг ишлаб чиқувчилари 50% гача тежамкорлик ваъда қилишади, аммо амалда бунақа эмаслиги тажрибада аён бўлган.

Хуллас, трафикни тежаш дастурларисиз очилганида сарфланган трафик:

  • Сайтлар (5 таси): 14,62 мегабайт
  • YouTube: 173 мегабайт (видео 1080р)

Opera Max ишлатилганида ўзгариш яққол сезилган: ҳаволани босган заҳоти очилиш бошланмасдан, орада озгина муддат ўтган. Саҳифаларнинг очилиш жараёни ҳам узоқроқ давом этган. YouTube’да видео олдидан реклама жуда узоқ вақтда юкланган, аммо видеонинг ўзи кўринмаган. Шунга қарамасдан, барибир Opera Max ишлатилганида ҳам 12,5 мегабайт сарфланган:

  • Сайтлар: 11,59 мегабайт
  • YouTube: 3 мегабайт (видео юкланмаган)

Onavo Extend’дан фойдаланилганида ҳам шу ҳол – интернет секинлашиб қолган. Фақат бунда видео муаммосиз, 1080р сифатида юкланган:

  • Сайтлар: 14,73 мегабайт
  • YouTube: 171 мегабайт

Хўш, трафикни қандай назорат қиламиз унда?

Android’даги стандарт трафик менежери (Настройки → Передача данных) жуда қулай ва функциялари ҳам етарлича. Аммо бу вазифани бажарувчи қўшимча иловалар кўпроқ маълумотни акс эттира олади.

Масалан, улар орасида My Data Manager энг яхшиси бўлса керак. Унда қулай виджет, кунлик ва ҳафталик мобиль трафик сарфини созлаш ҳамда бир нечта фойдали функциялар бор. Шунингдек, Network Monitor ҳамда Data Counter биргаликда кўп ишларга қодирлар. OS Monitor эса илованинг қайси манзилларга уланаётганини ҳам кўрсатади, бу эса жосус дастурларни излашда қўл келади.

Реал вақт режимида кузатамиз

  • Internet Speed Meter – қулай дастур, маълумот алмашинув тезлигини ҳолат қаторининг ўзидаёқ кўрсатиб туради.
  • Network Speed Indicator – маълумот алмашинув тезлигини кўрсатувчи Xposed-модуль. Созламалари бисёр, аккумулятор қувватини умуман сарфламайди.

Хулласи калом, кўрганингиздек, тежамкорликни ваъда этувчи иловалар барибир айтарли иш бермас экан. Созламалар ёки махсус иловалар орқали ортиқча иловаларнинг интернетдан фойдаланишини чеклаб қўйиш бирмунча самарадор усул бўлиб чиқяпти. Буёғи эса ўзингизнинг ихтиёрингизда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!