Android-қурилманинг моделини аниқлаш

  •   DiMaX
  •  1624
  •  31.01.2017 14:51

Android-қурилманинг моделини аниқлаш

Кейинги пайтларда замонавий техника воситаларини Хитой интернет-дўконларидан ҳамёнбоп нархларда харид қилиш ҳоллари кўпайди. Android операцион тизимида ишлайдиган арзон гаджетлар кўпинча унча танилмаган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилмоқда, бу эса баъзан фойдаланувчиларни қийин аҳволга солиб қўяди. Ахир, қурилма ҳақида маълумот излаш учун моделнинг аниқ номланишини билиш керак-да.

4pda.ru сайти эълон қилган қуйидаги тавсиялар орқали қўлингиздаги гаджетнинг номини аниқлаштириб олишингиз мумкин. Бу йўриқнома орқали етакчи ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг моделини ҳам аниқласа бўлади; ахир, битта қурилманинг турли модификациялари техник жиҳатдан ҳам, прошивкалари жиҳатидан ҳам ўзаро фарқланиши мумкин.

Дейлик, қўлингиздаги смартфон ёки планшетнинг корпусида ҳам, орқа қисмидаги олинадиган қопқоғи остида ҳам, қутисида (агар у мавжуд бўлса) ҳам керакли маълумот йўқ. Шунда бу маълумотни биринчи навбатда унинг созламаларидан излашга тўғри келади:

  1. Қурилманинг созламаларини – «Настройки»ни очинг. Агар унда русча локализация бўлмаса ҳам, созламаларини аниқлаш қийин эмас – унинг белгиси одатда шестерняча кўринишида бўлади. Белгича қурилманинг «Иш столи»да бўлмаса, уни ўрнатилган иловалар рўйхатидан топишингиз мумкин.
  2. Созламалардаги «Об устройстве», «О смартфоне», «О планшете» ёки шу каби номли бўлимини топиб, очасиз. Агар русча локализацияси бўлмаса, инглизчада улар «About device», «About phone» ёки «About tablet» деб номланган бўлади.

  1. Экранни пастга «варақлаб», охиридаги «Номер модели» бандига борамиз. Инглизчада у «Model number» ёки шунга ўхшашроқ номланади. Одатда бу ерда моделнинг рақами ҳарфли-рақамли белги билан кўрсатилган бўлади. Масалан, қуйидаги мисолда у SM-N9005 кўринишида.

  1. Моделнинг рақами бўйича интернетда қидирув бериб, бу смартфоннинг модели LTE стандартини қўллаб-қувватловчи Samsung Galaxy Note 3 эканлигини билиб оламиз.

Агарда гаджетнинг созламаларида моделнинг рақами кўрсатилмаган бўлса, унинг платформасини аниқлашга уриниб кўришингиз мумкин. Буни буткул бепул илова – CPU-Z ёрдамида амалга оширасиз:

  1. CPU-Z иловасини очиб, Device варақасига ўтинг. Қурилманинг ишлаб чиқарувчиси Brand майдончасида, модели эса Model майдончасида акс эттирилган бўлади.

  1. Агар бу майдончалар бўш бўлса, System варақасини очиб, Bootloader ва Build ID майдончаларига қаранг. Бу ерда прошивка идентификаторлари кўрсатилган бўлади.

Одатда, исталган қидирув тизимига қурилма модели ёки прошивка ҳақидаги ахборотларни киритиб, ҳатто энг кам учрайдиган қурилмалар хусусида ҳам маълумотлар топиш мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!