Android-смартфон учун аудиоплеер танлаймиз

  •   DiMaX
  •  1889
  •  22.03.2017 14:29

Android-смартфон учун аудиоплеер танлаймиз

Android учун аудиоплеерлар кўп, аммо смартфон биттагина. Девайсимизда муқим жой эгаллаб, бир неча ойлар мобайнида нафақат ёқимли тароналарни янгратувчи, балки кўзларимизни ҳам қувонтирувчи аудиоплеер танлаш ҳам ҳазил гапмас. Қуйида «Android учун энг зўр аудиоплеер» мақомига даъвогарлик қила олувчи қизиқарли иловаларни келтириб ўтамиз.

AIMP

Android учун ишлаб чиқилган AIMP аудиоплеери, Winamp ўрнини эгаллаб, кўпчиликнинг кўнглидан ҳам жой олди. Бугунги кунда у ўз зиммасига юклатилган вазифаларни аъло тарзда уддалаб, фойдаланувчиларни зерикишдан сақлаб келаётир.

Яхши плеер дегани камида кўплаб мусиқий форматларни ўқий олиши, эквалайзери мавжуд ва интерфейси ёқимли бўлиши, тез ва сифатли ишлаши лозим. Бу гаплар эса худдики AIMP учун айтилгандек!

Кучли жиҳатлари:

  • Фойдаланувчига мос мавзулар
  • 10 чизиқли эквалайзер
  • Интернет-радиони қўллаб-қувватлаши
  • Бир нечта плейлистлар билан ишлаши
  • Ижро тезлигини созлаш
  • Ишлаш тезлигининг юқорилиги

Stellio Плеер

«Stellio Плеер»нинг минималистик дизайни ва деталларга аҳамият берилганлиги – мазкур Android-аудиоплеернинг «ташриф қоғозчаси»дир. Ташқи кўринишидан ташқари, Stellio 12 чизиқли эквалайзери ҳамда 13 хил аудио эффекти билан ҳам мақтанса бўлади.

Шу билан бирга, ҳар бир қўшиқ янграётганида, у мансуб бўлган альбомнинг ташқи кўринишига қараб аудиоплеернинг кўриниши ҳам ўзгариши, унсурлари ҳам шунга мослашиб туриши ўзгача-да! Айтиш мумкинки, Stellio – Android учун энг ўзига хос плеердир.

Кучли жиҳатлари:

  • Қойилмақом дизайн
  • 12 чизиқли эквалайзер
  • Тэглар муҳаррири
  • Last.fm мусиқаларини скробблинг қилиши
  • Ижро тезлигини созлаши
  • Жилднинг автоматик ўрнатилиши

Poweramp

Навбатдаги илова – Poweramp ҳам Android-гаджетлар учун кучли аудиоплеер. Google Play’дан уни 50 миллион мартадан ортиқ кўчириб олганликлари ҳам мазкур илованинг сифатли эканидан далолат.

Овозни «барча нозикликлари билан» созлаш тарафдорларига ёқадиган хусусиятлар бу плеерда бисёр: оҳангни бошқариш, паст ва юқори частоталарни созлаш, эквалайзеранинг тайёр пресетлари… Шунингдек, Poweramp иловаси lossless ҳамда alac форматларини ҳам ўқий олади!

Кучли жиҳатлари:

  • Мавзулар
  • Пресетлар
  • Кроссфейдер
  • lossless ва alac форматларини ўқиш
  • Жилднинг автоматик ўрнатилиши
  • Паст ва юқори частоталарни созлаш

n7player

Мазкур аудиоплеер ижодкорлари мусиқа қидирувига бутунлай ўзгача ёндашишган. Қўшиқлар автоматик тарзда жанрлар, ижрочилар ва альбомлар бўйича сараланади; натижада улар тэглар «булути» ёки альбомлар муқоваси тарзида акс этади.

Файлларнинг бу тариқа тахланиши мусиқий кутубхонангиздаги керакли қўшиқни тезда топишингизга ёрдам беради. Шунча имкониятларни тақдим этса-да, n7player иловасида овознинг юқори сифатига путур етмайди, яна кўплаб қўшимча функциялари мавжуд.

Кучли жиҳатлари:

  • Тэглар муҳаррири
  • Интуитив тушунарли интерфейс
  • Қўшимчалар
  • FLAC ва OGG қўллаб-қувватлови
  • Жилднинг автоматик ўрнатилиши
  • Паст ва юқори частоталарни созлаш

BlackPlayer

Ясси дизайни ва ортиқча нарсалардан холи эканлиги билан BlackPlayer янги авлод аудиоплеери номига лойиқ. Кўплаб опцияларга эгалиги эса иловани ўз хоҳишингизга кўра созлашга имкон беради.

Булардан ташқари, мусиқий плеер нафақат бепул, балки ҳатто ҳеч қанақа ички рекламаси йўқлиги билан ҳам аҳамиятли. Агарда Android-девайсингиз учун тезкор ва фойдаланишга қулай аудиоплеер излаётган бўлсангиз, у ҳолда BlackPlayer энг мақбул ечим бўла олади.

Кучли жиҳатлари:

  • Тэглар муҳаррири
  • Мусиқани скробблинг қилиши
  • Ясси дизайн
  • FLAC қўллаб-қувватлови
  • 3D виртуалайзер
  • ID3 тэглар муҳаррири

Хўш, сиз ўз смартфонингизда қайси аудиоплеердан фойдаланасиз?