«Android-смартфонлар қироли» – Xiaomi Mi 11 Pro тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  1379
  •  30.03.2021 09:09

«Android-смартфонлар қироли» – Xiaomi Mi 11 Pro тақдим этилди!

Xiaomi кеча – 29 март куни ўзининг мега-тақдимотини флагман смартфони – Mi 11 Pro анонси билан бошлади. Компаниянинг ўзи «Android-смартфонлар қироли» дея мақтаган ушбу қурилма дизайни стандарт Xiaomi Mi 11 моделига ўхшаш бўлса-да, ундан ҳам анча кучли чиққан.

ЎҚИНГ: Энг кўп қайси смартфонларнинг қалбакилари чиқяпти? (AnTuTu рейтинги, 2021 йил февраль)

Биринчи навбатда Xiaomi Mi 11 Pro корпуси чанг ва сув киришидан кўра ҳимояланган – 1.5 метрлик сув остида 30 дақиқагача жон сақлай олади. Бу – мазкур компаниянинг IP68 сертификациясини олган илк смартфонидир.

Стандарт Xiaomi Mi 11 флагманида аккумуляторнинг ток сиғими 4600 мА/соатлик бўлса, Pro-версиясида бу кўрсаткични 5000 мА/соатга чиқаришган. Батарея симли усулда ҳам, симсиз усулда ҳам бир хилда – 67 ваттлик қувват олишга қодир ва атиги 36 дақиқада нолдан 100% гача зарядланиб улгуради.

Смартфоннинг қадоғида қувватлагич мавжуд эмас, лекин Mi 11 Pro харидори талаб қилса, компания уни бепул қўшиб беради. Зарядчик бўлмаса-да, қурилманинг қутисига экран учун ҳимоя шишаси ва силикон ғилоф солинган.

Дарвоқе, Mi 11 Pro телефонининг корпуси стандарт флагманникидан қалинроқ ва оғирроқ чиққан.

Mi 11 Pro моделининг стандарт флагмандан яна бир муҳим фарқи камерададир – гарчи бунда ҳам учталик бўлса-да, бошқа датчикамлар қўлланган. Асосий сифатида 50 мегапикселлик ISOCELL GN2 сенсори танланган – Xiaomi ҳамда Samsung унинг устида бир ярим йил мобайнида бирга ишлашган (мазкур датчик илк бор шу смартфонда қўлланган). Оптик формати 1/1,12 дюймлик бу модул 100 мегапикселликкача фотосуратлар туширишга, 4K/8K форматида видео ҳамда 1920 кадр/сония тезлигида секинлаштирилган роликлар олишга қодир. Датчик йирик – 1,4 мкм ўлчамли пикселларга эга ва уларни 2,8 мкм. ўлчамигача бирлаштира олади. Ушбу камера тасвирни оптик барқарорлаштириш тизими ҳамда саккизта элементдан тузилган объектив билан бойитилган. Булардан ташқари, унга ўта тез фокуслаш учун жавоб берувчи Dual Pixel Pro технологияси ҳам жорий этилган.

Бош камера жамланмасидаги иккинчи сенсор 13 мегапикселлик аниқликда бўлиб, ўта кенг бурчакли (кўриш бурчаги 123 даражали) объектив билан тақдим этилган. Учинчи – 8 МПлик перископик камера эса телеобъектив, 5 карралик оптик ва 50 карралик рақамли зум билан таъминланган.

Mi 11 Pro моделининг яна бир ўзига хослиги дисплейида: гарчи у ҳам 6.81 дюймлик AMOLED-матрицали, 2K форматли ва 120 Гц частотали бўлса-да, Dolby Vision технологиясига эга – буниси умуман смартфонларда илк бор қўлланган.

Pro-версияли флагманнинг қолган хусусиятлари стандарт Xiaomi Mi 11 моделиники билан бир хил: 5 нанометрлик Snapdragon 888 чипи, 5G-модем, 8/12 ГБлик (LPDDR5) тезкор ва 128/256 ГБлик (UFS 3.1) доимий хотира, NFC, Wi-Fi 6E, инфрақизил порт, Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси, 20 МПлик олд камера ва Harman Kardon стереодинамиклари.

Xiaomi ушбу девайсини яқин кунлар ичида ўз юртида, уч хил рангли ва уч хил хотира конфигурацияли модификацияларда сота бошлайди:

  • Xiaomi Mi 11 Pro 8/128 ГБ — $760
  • Xiaomi Mi 11 Pro 8/256 ГБ — $810
  • Xiaomi Mi 11 Pro 12/256 ГБ — $870

Афсуски, компания бу смартфонини глобал бозорга чиқармоқчи эмас.

ЎҚИНГ: 108МП камерали Xiaomi Mi 10S глобал бозорга хитойчасидан кучли бўлиб чиқяпти!