Android-смартфонларда янги троян тарқалмоқда

  •   DiMaX
  •  1309
  •  07.07.2017 10:35

Android-смартфонларда янги троян тарқалмоқда

«Касперский лабораторияси» Android тизимли қурилмаларга тушувчи янги троян – Xafekope вирусини аниқлади. Бу тўғрида антивирус компаниясининг сайтида маълумот берилган.

«Обунасевар» троян

Xafekope вируси смартфонга тушиб олгач, телефон эгасини пулли сервисларга обуна қилиб қўяди ва натижада унинг мобил рақами ҳисобидан пуллар кетаверади.

Ушбу троян бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда, лекин асосий зарба Россия ва Ҳиндистондаги фойдаланувчиларга бўлган. Мазкур мамлакатлардаги абонентларга ҳужумларнинг тегишлича 61 ва 25 фоизи тўғри келади. Қизиғи – кибержиноятчилар улар учун мазкур вируснинг алоҳида модификацияларини ишлаб чиқишган.

Xafekope пулли сервисларга обуна бўлиш учун мустақил тарзда ҳаволаларни очади ёки хабарлар юборади. Ботларни аниқлашга мосланган тест – капчани бу вирус қандайдир йўл билан айланиб ўта олади. Шу тариқа, у россиядаги тўртта уяли алоқа оператори сайтида пулли обунани тасдиқлайди. Агарда абонент ўз рақами ҳисобини банк пластик картасидан автоматик тўлдириб бориладиган қилиб қўйган бўлса-ку – картасидаги барча пули кетди, деяверинг...

Қаердан пайдо бўлган?

Xafekope вируси худди Android учун ишлаб чиқилган оммабоп ёки фойдали бирор иловага ўхшаб ниқобланиб олади. Тарқалишининг асосий манбаси – реклама ҳисобланади. Шу боис ҳам смартфон фойдаланувчилари эҳтиёт бўлишлари ва шубҳали манбалардан иловалар олиб ўрнатмасликлари тавсия этилади.

Мутахассисларнинг аниқлашларича, Xafekope вируси хитойча тилли дастурчилар томонидан яратилган. У айрим жиҳатларига кўра Ztorg трояни билан умумийликларга ҳам эга. Балки, кибержиноятчиларнинг бир гуруҳи иккинчиларидан вирус яратишда қўлланган файлларни ўғирлаб ёки сотиб олган бўлишлари ҳам мумкин.

Ҳар эҳтимолга қарши, Android учун энг зўр 8 та антивирус, шунингдек, мазкур тизимли қурилмалар учун чиқарилган бепул антивируслар билан танишиб қўйишингизни тавсия этамиз.


Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!