Android-смартфонларга энди Google Play’даги иловаларни интернетсиз ҳам расман ўрната оласиз!

  •   DiMaX
  •  2164
  •  18.02.2021 12:19

Android-смартфонларга энди Google Play’даги иловаларни интернетсиз ҳам расман ўрната оласиз!

Google компанияси 2020 йил августда Nearby Share функциясини намойиш этган эди. Android 6.0 ва ундан юқори талқиндаги операцион тизимли барча қурилмалар орасида ўзаро файл алмашиш имконини берувчи мазкур технология орқали Wi-Fi тармоғининг паролини узатиш ҳам йўлга қўйилмоқда.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг зўр Android-ўйинлари (Google Play талқини)

Қидирув гиганти Nearby Share технологиясини янгилади ва энди унинг ёрдамида мобил иловаларни яқин атрофдаги бошқа Android-гаджетлардан ўрнатиб олиш имкони пайдо бўлди. Бунда жараён худди дастурларни Google Play’дан кўчириб ўрнатгандек кечади, фақат сервер сифатида ёнингиздаги кишининг смартфони хизмат қилади.

Янги усул орқали илова алмашиш учун 24.0 ва ундан янги версиядаги Google Play иловасини очиш, «Менинг иловаларим ва ўйинларим» менюсида «Улашиш» варақасини танлаш лозим. Кейин эса, «Жўнатиш» ёки «Қабул қилиш» тугмачаси босилганидан қатъи назар, геолокацияни кўриши учун Google Play’га рухсат бериш керак бўлади.

ЎҚИНГ: Google барча Android-смартфонларга янги функция қўшяпти! (+видео)

Иловани узатиш функциясини танлаган фойдаланувчининг девайси экранида дастурлар рўйхати пайдо бўлади. Кераклиларини белгилаб олгач, уларни қабул қилувчи қурилмасини танлаш зарур; қабул қилувчининг гаджетига эса иккала қурилмани ўзаро улаш коди келади. Узатувчи томон уни териб, смартфонлар ўзаро улангач, қабул қилувчи томон экрандаги «Ўрнатиш» ёки «Барчасини ўрнатиш» тугмачасини босиши лозим.

Токи бу икки фойдаланувчидан бири «Ажратиш» тугмачасини босмагунича, қурилмалар ўзаро уланган ҳолида қолади ва Google Play иловаларини бир-бирига узатишлари мумкин бўлади. Бунда маълумот узатиш тезлиги уй интернетидан юқорироқ бўлади.

Янги функция пулли иловаларга татбиқ этилмайди – улар сотиб олинадиган бўлгани учун, текинга бировдан кўчириб ололмайсиз. Шунингдек, фойдаланиб кўрганларнинг айтишларича, бепул иловаларнинг ҳам ҳаммасини ўтказиб бўлмас экан.

ЎҚИНГ: iPhone ҳамда Android-смартфонлардаги энг оммабоп ўнта илова (2020 йил сентябрь)