Android-смартфонларнинг учта асосий муаммоси

  •   DiMaX
  •  2474
  •  06.05.2017 17:49

Android-смартфонларнинг учта асосий муаммоси

Кенг тарқалган бу операцион тизимнинг афзалликлари хусусида кўп ва хўп гапириш мумкин. Аммо Android’да ишловчи смартфонларнинг аксариятида учрайдиган камчиликлар борасидаги баҳслар ҳам қизғин. Тан олиш керак: камчиликлар етарлича ва улар ҳал этилишга муҳтож.

Хуллас, бугун «яшил роботчали» қурилмалардаги учта асосий муаммога тўхталиб ўтамиз.

Қобиқлар

Android битта, аммо турли ишлаб чиқарувчилар уни ўз смартфонларида турлича қобиқлар билан тақдим этишади. Ҳатто, смартфонсозлар кимнинг қобиғи яхшироқ чиқиши борасида мусобақа ўйнаётгандек ҳам туюлади. Ҳа, айрим фирма лаунчерларини кўриб чиққанда, кишининг хаёлига айни шу ўй келади.

Бешта иш столини виджетларга тўлдириб ташлаш, қўнғироқлар менюсининг ҳамда экран клавиатурасининг ноқулайлиги кабилар «андроидофон» ҳаётидаги ёқимсиз жиҳатлардир. Тўғри, чет лаунчерларни ўрнатиб олиш ҳам мумкин, лекин ишлаб чиқарувчилар фойдаланувчига лоақал «туғма» операцион тизим билан ўзининг қобиғи орасидан биттасини танлашга имкон қолдирмаслиги – камида адолатсизлик, ахир.

Ҳамма нарсани ўзига мослаштириш учун қайтадан прошивка ўрнатишни яхши кўрадиганлар бор, улар учун смартфоннинг ноқулай интерфейси муаммо эмас. Аммо ўртача фойдаланувчилар девайслардан соддаликни ва қулайликни исташади.

Қувват

Android’нинг энергия сарфлашдаги «очофат»лиги борасида турфа танқидлар, латифалар, карикатуралар кўп. Аммо бу муаммо ҳал этилмасдан, долзарблигича турибди.

Сенсор экранлар даври бошланиши билан фойдаланувчилар битта ҳақиқатга кўникишди: телефонлар энди, афсонавий Nokia 1100 каби, батареясини битта тўлдирган билан бир ҳафта ишламайди. Лекин ҳар нарсанинг ҳам чегараси бўлиши керак-да!

Тўғри, батареяси бақувват смартфонлар ҳам бор, аммо улар алоҳида масала.

Оммавийлик

Android тизимида ишловчи янги телефон моделлари ҳар ҳафтада тақдим этиляпти. Смартфонсозлар ўз қурилмаларини бир нечта тоифада чиқариш имкониятига эгалар: ҳамёнбоп, ўрта синф, флагман, аёлларга мосланган ва ҳоказо.

Бу каби турфа талқинларда кунига бир неча минглаб смартфон сотилиши Google’га ҳам яхшигина даромад келтиради. Шунинг учун ҳам сал эскирган моделларнинг операцион тизимини янгилашга унинг айтарли хуши йўқ. Ахир, собиқ флагман учун янгиланиш тақдим этилмагач, фойдаланувчи ҳам уни қўйиб, яна янги смартфон олгиси келади-да! Бу ҳолат эса, ишлаб чиқарувчилар билан бирга, Google’нинг ҳам чўнтагини қаппайтиради, ахир.

Яна бир жиҳати – шу пайтгача ишлаб чиқарилган ҳар хил моделдаги телефонларнинг барчаси учун янгиланган операцион тизимларни чиқаришнинг амалда имкони ҳам йўқ – моделлар сони жуда-жуда кўп.

Хўш, сизнингча, Android-смартфонларнинг яна қандай муҳим камчиликлари бор?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!