Android-смартфонларнинг янги «қирол»и – Lenovo Legion 2 Pro илк «жонли» суратларда!

  •   DiMaX
  •  656
  •  06.04.2021 12:18

Android-смартфонларнинг янги «қирол»и – Lenovo Legion 2 Pro илк «жонли» суратларда!

Lenovo компанияси геймерларга мўлжалланган иккинчи авлод смартфони – Legion 2 Pro моделининг тақдимот кунини расман айтган. Куни кеча эса ушбу қурилма бенчмаркда салкам миллион балл тўплаб, Android оламида рекорд ўрнатган!

ЎҚИНГ: Энг равон интерфейсли смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2021 йил март)

Интернетда мазкур геймерофоннинг техник хусусиятларига оид маълумотлар чиқаётган эди, энди эса биринчи «жонли» расмлари ҳам пайдо бўлди. Худди компаниянинг бултур чиққан биринчи ўйин смартфони – Legion Duel (ёки Lenovo Legion) сингари, буниси ҳам ўзгача дизайнга эга экан.

Legion 2 Pro орқа панели симметрик дизайнга эга, камералари ҳам корпуснинг тахминан ўртасида жойлашган. Уларнинг ёнида эса шамоллатиш тирқишлари ҳамда RGB-чироқли Legion логотипига кўзимиз тушади.

Lenovo тасдиқлашича, Legion 2 Pro бош камерасида аниқлиги 64 мегапикселлик, оптик формати 1/1,32 дюймлик OmniVision сенсори қўлланмоқда. Унинг ёрдамида сониясига 30 кадр частотасида 8K-видео ҳамда сониясига 120 кадрлик частотада 4K-роликлар олиш мумкин.

ЎҚИНГ: AnTuTu рейтингини Snapdragon 888 чипли флагманлар буткул забт этди! (2021 йил март)

Бу геймерофоннинг 6,92 дюймлик дисплейида энг замонавий – Samsung AMOLED E4 матрицаси қўлланмоқда. Унда кадр янгиланиш частотаси 144 герцлик бўлса, сенсор қатламиники нақ 720 герцни ташкил этади!

Legion 2 Pro иккита вентилятор ва самарали иссиқлик ҳайдаш тизимига эша бўлган суюқликли совитиш технологияси қўлланган дунёдаги биринчи смартфондир. Lenovo ваъда беришича, қурилма ҳар қандай вазифани қизиб кетмасдан уддалай олади.

Табийки, флагман ўйин смартфони Qualcomm Snapdragon 888 процессори базасида тайёрланган. Lenovo уни 16 гигабайтгача тезкор ва 512 гигабайтгача доимий хотира билан таъминлаяпти. Legion 2 Pro батареяси 5000 мА/соатлик бўлиб, 90 ваттлик тезкор қувватлана олади. Аккумулятор ҳатто зарядлашнинг 1200 циклидан кейин ҳам дастлабки ток сиғимининг 85 фоизини сақлаб қолади.

Ҳозирги кунда Legion 2 Pro’нинг нархи маълум эмас, холос.

ЎҚИНГ: ТОП-15: Рекорд даражада тез қувватланувчи смартфонлар

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!