Android-смартфонни сотишга тайёрлаймиз

  •   DiMaX
  •  2341
  •  01.02.2017 17:00

Android-смартфонни сотишга тайёрлаймиз

Ҳар йилда бир марта, айримлар учун эса ундан ҳам қисқа муддатларда янги смартфон харид қилиш бугунги кунда одатий ҳол бўлиб қолган. Бунда эски қурилмани, одатда, бирор яқинингизга берасиз ёки сотиб юборасиз.

Аммо бундан олдин уни яхшилаб тозалаш керак; бу ерда сиртини артиб-ювиш эмас, балки «ичини» – хотираси ва дастурий таъминотини ортиқча нарсалардан халос этиш, ичида шахсий маълумотларингизни қолдирмаслик ҳақида гап кетяпти.

Қуйида шуни қай тартибда қойилмақом тарзда амалга ошириш хусусида сўз юритамиз.

1-қадам. Муҳим маълумотларнинг захира нусхасини яратинг

Мобиль қурилмалардан фаол фойдаланувчилар гаджетнинг хотирасини шахсий фотосурат ва видеолавҳалари, ҳужжатлар, ёзишмалар, қайдлар, китоблар ва бошқа муҳим маълумотлари билан тўлдириб ташлашади. Улардан ажралиб қолиш яхши эмас, албатта, айримлари эса бировларнинг қўлига тушмагани ҳам маъқул. Шу боис биринчи навбатда ўшаларни бехавотир жойга кўчириб олиб қўйиш керак. Буни амалга ошириш йўллари кўп, аммо қуйидаги усули кўпчиликка маъқул келади:

  1. Смартфонингиздаги манзиллар китобчасини, календарь ва почтангизни Google’нинг тегишли сервислари билан синхронланг. Бу – уларни Android тизимидаги янги қурилмангизга кўчириб ўтказишнинг энг оддий усулидир.
  2. Гаджетингиздаги дастурларнинг ва улар маълумотларининг захира нусхаларини яратинг. Бунинг учун кенг тарқалган Titanium Backup иловаси ёки қўшимча тарзда SMS-хабарларингиз, қўнғироқлар тарихи, луғат ва хатчўп (закладка)ларингизнинг ҳам захира архиви – бэкапини яратувчи Easy Backup & Restore иловаси қўл келади. Архивни смартфонингизга қўйилган ташқи хотира SD-картасида ёки «булутли» сервисда сақлаш мумкин.
  3. Смартфонни компьютерга улаб, унинг ички хотираси ҳамда флешкасидаги мусиқалар, видеолавҳалар, фотосуратлар ва бошқа керакли файлларингизни кўчириб ўтказинг.

2-қадам. Хотира картасини тозалаш

Агар сиз SD-картасини ҳам телефоннинг ўзи билан бирга сотишни (ёки ҳадя этишни) режалаштирган бўлсангиз, унда ҳеч қандай маълумотингиз қолмаслигини таъминланг. Табиийки, буни юқорида – биринчи қадамда кўрсатилган тавсияларни бажарганингиздан кейин амалга оширасиз – флешка ичидаги ҳамма нарсани қуйидагича ўчирасиз:

  1. Қурилма созламаларини очасиз.

  1. Хотирани кўрсатувчи «Память» бўлимига кирасиз.

  1. Флешкани тозалаш учун «Очистить SD» бандини танлайсиз.

Аммо бу оддий йўл – тизимнинг ўзидаги воситалар билан ўчирилганда, карта буткул тозаланмайди. Кимдир истаса, у ердан сиз ўчирган файлларни кейинчалик махсус дастурлар ёрдамида қайта тиклаши мумкин. Шунинг учун хотира картасини бир неча босқичда ўчирадиган махсус дастурлардан бири орқали тозалаш ишончлироқ. Масалан, Secure Wipe каби дастурлар ахборотни қайта тиклашга имкон қолмайдиган қилиб ўчиради.

3-қадам. Дастлабки созламаларига қайтариш ёки қайта прошивка қилиш

Буниси ўта муҳим қадам, шу боис мазкур босқичга ўтишдан аввал барча иловаларингиз, ҳужжатлар, пароллар, хабарлар, созламалар ва бошқа керакли нарсаларингизнинг захира нусхаларини бошқа жойда сақлаб қўйганингизга аниқ ишонч ҳосил қилишингиз шарт. Ушбу операциядан кейин смартфон худди заводдан янги чиқарилган пайтидагидек ҳолатга келиб қолади.

Хуллас, кетдик…

  1. Смартфон созламаларини очинг.

  1. «Восстановление и сброс» бўлимига ўтинг.
  2. «Сброс настроек» бандини танланг.

  1. Энди огоҳлантирув ойначаси чиқади, унда телефондаги мавжуд маълумотларнинг барчаси ўчиб кетиши ҳақида хабар бўлади ва бунга розилигингиз сўралади. Тасдиқлаш учун «Сбросить настройки телефона»ни танлайсиз ва шу билан смартфонни дастлабки ҳолатига қайтариш жараёни бошланади.

Баъзи фойдаланувчилар ўз қурилмаларига бошқа бирор норасмий прошивкани ўрнатиб олишади. Агар сизда ҳам шунақа бўлса, у ҳолда смартфонингизни олаётган кишига бу ҳақда айтганингиз маъқул. Балки унга ҳам айни шу прошивка маъқул келар, бунда фақат юқорида кўрсатилганидек қилиб – созламаларини дастлабки ҳолатига келтириб қўяверасиз.

Бордию янги эгаси смартфонни ишлаб чиқарувчисининг прошивкаси билан ишлатишни маъқул кўрса, унда қурилмага ўзининг расмий ROM’ини интернетдан олиб ўрнатишингизга тўғри келади. Қандай ўрнатишни ўргатиш шарт эмасдир – норасмий прошивкани ўрнатиб кўрган бўлсангиз, буни ҳам уддалайсиз, албатта. Бирор англашилмовчилик юзага келса, керакли маълумотни тегишли сайтлардан, форумлардан олишингиз мумкин.

Хўш, қадрдон бўлиб қолган смартфонингизни сотиш ёки ҳадя этиш олдидан «топ-тоза» қилишга энди тайёрмисиз?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!